30.08.2022. Мустақиллик байрами шукуҳига йўғирилган шу кунларда «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан вилоят марказидаги «Файз» маросимлар мажмуасида ишчи-ходимлар фарзандларидан 38 нафарининг суннат тўйи ўтказилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари А.Салиховлар ҳам қатнашиб, юртимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий рўйхатлардаги фуқаоларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритдилар.
Сўнгра тўй болаларнинг ҳар бирига ташкилотчилар томонидан кийим-кечак, велосипед ва бошқа эсдалик совғалари, 1 миллион сўмдан пул маблағлари топширилди.
Санъаткорларнинг чиқишлари даврага ўзгача файз, болалар ва уларнинг ота-оналари қалбига олам-олам завқ бағишлади. Айниқса, беғубор болаликни мадҳ этувчи қўшиқлар ва жозибали рақслар иштирокчилар томонидан олқишлар билан кутиб олишди.
Тадбир ниҳоясида унда иштирок этган нуронийлар эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, оилаларга бахт-саодат тилаб, дуо қилдилар.
Шоҳсултон Тўхтаматов