31.08.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Қозоғистон энергетика касаба уюшмаси ҳамкорлигида “Меҳнат соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва тажриба” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Саидмурод Тўхтаев ҳамда Қозоғистон тармоқ энергетика касаба уюшмаси ҳуқуқшуноси Мурасат Муртазин ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар хусусида сўз юритдилар.
– Инсон қадр-қиммати устун ҳисобланган юртимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, – деди жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев. – Бошқа кўплаб соҳалар қатори ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасига оид қонунчилик ҳам такомиллаштирилмоқда. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишларнинг изчил амалга оширилишини таъминламоқда. “Меҳнат соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва тажриба” мавзусида ўтказилган мазкур семинар бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиш билан бирга, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда уларни оммалаштириш имконини берди.
Семинар давомида Қозоғистон энергетика касаба уюшмаси вакиллари ҳам сўзга чиқиб, мавзуга оид зарур маълумотлар билан ўртоқлашдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати