[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.09.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан Давлат дастури доирасида мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан ташкилот ва муассасаларда самарали меҳнат қилиб келаётган кўп болали, кам таъминланган, эҳтиёжманд аёлларнинг 6 нафарига саломатлигини мустаҳкамлаши учун “Умид гулшани”, “Бўстон”, “Кўҳинур” санаторийларига бепул йўлланмалар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев йўлланмаларни ўз эгаларига топширар экан, касаба уюшмаларининг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий ҳимоялаш каби масалалар доимо касаба уюшмаларининг диққат марказида бўлишини таъкидлаб ўтди.

Сиҳатгоҳга йўлланма олганлар қаторида Фарғона вилоят 2-юқумли касалликлар шифохонаси кичик тиббий ходими Турғуной Бозорова ҳам бор. Касаба уюшмаларининг кутилмаган туҳфаси уни бехад хурсанд қилиб юборди.

— Бундай эътибордан қувонмай бўладими, — дейди ҳаяжонини боса олмай Турғуной Бозорова. — Кўпдан бери даволанишни ният қилиб юргандим. Аммо бунга оилавий шароитим, иқтисодий имкониятим етарли эмас эди. Бахтни қаранг, касаба уюшмаларининг ғамхўр инсонлари мени мустақиллик байрами билан қутлаб, “Умид гулшани” санаторийсида даволаниб келишим учун бепул йўлланма совға қилишди. Рости, бу меҳрибончиликдан кўз ёшимни тия олмадим. Меҳнатим касаба уюшмалари томонидан эътироф этилганидан жуда хурсандман.

Шу куни “Фарғонаазот” АЖ ишчиси Маргарита Эмирзоқовага ҳам саломатлиги мустаҳкамлаши  учун “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланма тақдим этилди.

— Эътибордан, ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Иш, оила ташвишлари билан бўлиб, бирор марта сиҳатгоҳга бормаган эдим. Касаба уюшмаларининг мендек аёлларга эътибори туфайли менга ҳам  сиҳатгоҳга йўлланма берилди. Бундан жудаям мамнунман.

Шу куни Бешариқ тумани 36-мактаб фарроши Нафисахон Рўзматовага “Умид гулшани”, “Фарғонадон” АЖ ишчиси Замирахон Собировага “Кўхинур”, Фарғона тумани “Ёрдон” МФЙ Хотин-қизлар фаоли Кенжаби Тиллаева ва Фарғона шаҳар Маданият маркази кастюм дизайнери Камолатхон Нишоноваларга “Бўстон” санаторийсига йўлланмалар топширилди.

Маъмурахон Ярбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири