23.09.2022. Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II Мажлиси бўлибди.
Мажлисда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига аъзо бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон миллий касаба уюшмалари марказлари раислари ҳамда вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг янги мустақил давлатлардаги дастурлари координатори Анна Сальникова, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Эмиль Кызаев, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти Эрдэнэбат Сyхбаатар раҳбарлигидаги делегациялар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари раислари, Федерация аппарати масъул ходимлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Нуфузли анжуманга Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раислик қилди.
Анжуманда таъкидланганидек, охирги 6 йилда Марказий Осиёда улкан ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, ўзаро манфаатлар ва ишонч тамойилларига асосланган дўстона қўшничилик муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Буларнинг барчаси тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё минтақаси давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда улкан ижобий ўзгаришлар амалга оширилгани ҳамда ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга олиб чиқилгани натижасидир.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақа мамлакатлари касаба уюшмаларининг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва асосий вазифаларини амалга оширишда тажриба алмашиш ишларини тамомила янги босқичга олиб чиқди. Бунда бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш, ходимлар маънавиятини юксалтириш, сифат жиҳатидан янгиланган таълимни илгари суриш, кадрлар малакасини ошириш, ихтисослашган ўқув муассасаларида касаба уюшма ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш вазифалари устуворлик касб этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу ташаббус Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан тўла қўллаб-қувватланган ҳамда 2021 йил 10 ноябрда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсис этилганди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини тузишдан кўзланган асосий мақсад – ходимларнинг ижтимоий-меҳнат, касбий, иқтисодий ва бошқа қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини, касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоялаш, касаба уюшмаларининг халқаро бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари ҳаракатларини бирлаштиришдан иборатдир.
Минтақа мамлакатлари касаба уюшмаларининг ўзаро манфаатли мулоқоти майдонига айланган ушбу нуфузли анжуманда таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт ичида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари ҳаракати ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида мунтазам фикр алмашув, касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишларидаги амалий ишлар бўйича тажриба алмашув учун муҳим платформага айланиб улгурди. Шунингдек, Кенгаш бошқа мамлакатлар касаба уюшмалари учун ҳам очиқ эканлигини намойиш этди.
Анжуманда фаолиятнинг устувор йўналишларида олиб борилаётган ишлар, уларнинг натижалари билан бир қаторда Кенгаш доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари ва уни мазмун жиҳатидан муҳим йўналишлар билан бойитиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, анжуманда иштирок этаётган Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациялари ҳам Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолигига кириш истагини билдирдилар. Кенгашнинг географик қамрови кенгайиб бораётгани самарадорликка йўналтирилган ҳамкорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий натижаларни намойиш этаётган мазкур Кенгаш фаолиятининг долзарблигини, йил сайин турли мамлакатлар касаба уюшмалари марказларининг Кенгаш фаолиятига бўлган қизиқишлари билан бирга мазкур ташкилотнинг нуфузи ҳам ортиб бораётганидан далолатдир.
Кенгаш йиғилишида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшо ўтган давр ичида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Улар Кенгашнинг қарийб бир йиллик фаолиятига ижобий баҳо бердилар.
Шундан сўнг Кенгаш Мажлиси кун тартиби тасдиқлангач, “Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерациясини Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолигига қабул қилиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Қайд этиш зарурки, Низомга мувофиқ Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа мамлакатларнинг юридик шахс бўлган ҳамда ташкилот Низомини тан олган миллий касаба уюшма марказлари Кенгаш иштирокчилари бўла оладилар.
Ушбу масала юзасидан Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Эмиль Кызаев ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Эрдэнэбат Сyхбаатар сўзга чиқиб, Кенгашга аъзоликнинг муҳим жиҳатлари ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, улар Марказий Осиёда меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш жараёнларида ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб фаолият олиб бориш минтақадаги ҳар бир касаба уюшма маркази учун катта имконият яратишига ишонч билдирдилар.
Шундан сўнг Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерациясини Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолигига қабул қилиш таклифи билдирилди ва улар бир овоздан Кенгаш аъзолигига қабул қилиндилар.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат инспекцияси ҳамда Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси хизмати фаолияти, шунингдек, Қозғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари меҳнат инспекцияларининг иш тажрибаси тўғрисида”ги масала бўлди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси қайта тикланиб, ўтган қисқа вақт ичида касаба уюшмалари инспекторлари ходимлар манфаатлари ҳимояси йўлида салмоқли натижаларга эришдилар. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши борасида иш жойларида касаба уюшмалари и нспекторлари томонидан жамоатчилик назорати ўтказиб келинмоқда. Ходимларнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш билан бирга меҳнат соҳасида ходимлар ва иш берувчиларга маслаҳат ва услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмаларининг инспекциялари бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга доир профилактика ишлари, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида меҳнат соҳасига доир кенг тушунтириш тадбирлари, иқтисодиётнинг барча соҳаларида тизимли жамоатчилик назоратини амалга оширмоқдалар. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги 2,5 йилда 8 минг 937 та ташкилот жамоатчилик тартибида ўрганилиб, ходимлар манфаатлари учун 113 млрд. 200 млн. сўмга яқин маблағ ундириб берилди.
Иштирокчилар шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги иш тажрибаси билан ҳам батафсил таништирилди. Хусусан, меҳнат соҳасига алоқадор янги қонунлар қабул қилинаётгани, касаба уюшмаларининг фаол иштирокида ХМТнинг 19 та Конвенцияси ратификация қилингани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу масалалар доирасида Қозоғистон ва Тожикистон миллий касаба уюшма марказлари фаолияти мисолида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Меҳнат инспекцияларининг иш тажрибалари, амалиёт жараёнлари билан ҳам ўртоқлашилди.
Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас Бюронинг Марказий Осиё минтақасидаги устувор вазифалари ҳақида сўз юритар экан, ACTRAV минтақа касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, меҳнат соҳасидаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш борасида самарали фаолият олиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши тузилгани нафақат минтақа мииёсида, балки халқаро даражада ҳам муҳим аҳамият касб этиши, мазкур кенгаш минтақа мамлакатлари касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги кўплаб масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилишини билдирди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг янги мустақил давлатлардаги дастурлари координатори Анна Сальникова Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ҳамда Марказий Осиё касаба уюшмалари, шу жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари хусусида сўз юритди. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида тобора ривожланиб бораётгани ҳамкорлик меҳнткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас “Касаба уюшмалари таълимини ривожлантириш ва модернизациялаш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари минтақавий ҳамкорлигини кучайтириш тўғрисида”ги Декларацияни имзоладилар. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши касаба уюшма кадрлари ва фаоллари салоҳиятини янада оширишга, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси ва Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида мавжуд замонавий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда ушбу масканнинг Марказий Осиёда мамлакатларида касаба уюшма таълимини ривожлантириш ва касаба уюшма кадрлари малакасини ошириш учун таянч ўқув маркази сифатида белгилашга келишилди. Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг Бош котибини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Кенгашнинг амалдаги Бош котиби Қудратилла Рафиковнинг таклифи билан ташкилотнинг келгуси йил учун Бош котиблигига Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин номзоди кўриб чиқилди ҳамда бир овоздан маъқулланди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши мажлиси иштирокчилари ташриф доирасида “Янги Ўзбекистон” мажмуасида ҳам бўлдилар. Бу ерда улар она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи пойига гуллар қўйиб, ҳурмат ва эҳтиромларини ифода этдилар. Шунингек, меҳмонлар юртимиздаги корхона ва ташкилотлар фаолияти, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Музейи ва диққатга сазовор масканлар билан ҳам танишдилар.
*** *** ***
Олий Мажлис Сенати Раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева юртимизга Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун ташриф буюрган Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғилистон касаба уюшмалари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Т.Нарбаева мамлакатимизда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан меҳнат муносабатлари тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлгани, соҳада ташкилий-хуқуқий, қонунчилик ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Мулоқот давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, муносиб меҳнат тамойилларининг амалиётга татбиқ этилишида халқаро майдонда тан олинган Ўзбекистон тажрибаси алоҳида қайд этилди. Шунингдек, болалар меҳнатини ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида фуқаролик жамияти институтлари, касаба уюшмалари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорлик олиб борилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиши, сўнгги йилларда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, муносиб меҳнат шароитларини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, томонлар ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу жараёнларда касаба уюшмалари фаолиятини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти давомида қатор тадбирлар амалга оширилиб, меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшилди.
Cуҳбатда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув якунида меҳнат муносабатлари йўналишида ҳамкорликдаги лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
*** *** ***
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Мажлиси доирасида Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациясининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Уни Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ва тармоқ касаба уюшмалари мутасаддилари, Федерация аппарати масъул ходимлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ва йирик бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Ўтган йиллар давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро дўстона муносабатлар йўлга қўйилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларидаги алоқалар суръатларини ошириш борасида ривож топиб бормоқда.
Учрашувда Мўғулистон Президенти бошчилигидаги делегациянинг бир хафта аввал Самарқандда бўлиб ўтган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишидаги иштирокининг чинакамига тарихий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон ва Мўғулистон Президентлари ўртасидаги ишончли ва дўстона алоқалар икки мамлакат касаба уюшмалари ҳамкорлиги учун ҳам кенг имкониятлар яратаётгани алоҳида таъкидланди. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси самарали ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш, фаолият йўналишларида тажриба алмашиш, икки томонлама ўзаро манфаатли тадбирларни амалга ошириш борасида салмоқли натижаларга эришиши мумкин бўлган кўплаб йўналишлар мавжуд эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг меҳмонлар ўз сафларида 14 та тармоқ касаба уюшмалари ва 14 та ҳудудий кенгашни, 5,5 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзоларига эга бўлган 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотни бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан таништирилди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қонун ижодкорлиги соҳасида ва меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда фаол ишларни олиб бораётгани, ходимларга Касаба уюшмалари юридик Клиникаси орқали бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш доимо Ўзбекистон касаба уюшмалари диққат марказида эканлиги айтиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган Бош келишув асосида олиб борилаётган ишлар, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш, яратилган иш ўринлари ҳаққонийлигини ўрганиш борасидаги амалий натижаларга алоҳида тўхталинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари ойлик маошларнинг ўз вақтида тўланиши ва иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши бўйича жамоатчилик назоратини ҳам олиб бормоқда.
Мазкур йўналишлардаги ишлар билан бирга бугунги глобаллашув даврида салмоқли ютуқларга эришишда халқаро касаба уюшмалари бирдамлиги тамойилларига амал қилган ҳолда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳим эканлиги, шу боис ҳорижий касаба уюшмалари, шу жумладан Мўғулистон касаба уюшмалари билан амалий ва самарали учтомонлама ижтимоий мулоқотни ташкил этиш, меҳнат соҳасидаги жамоатчилик назоратининг шакл ва усулларини ривожлантириш, касаба уюшмалари сафига ёшларни жалб этиш, касаба уюшма ходимлари ва фаоллари салоҳиятини, касбий ўқуви ва малакасини ошириш масалаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсад қилингани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга мазкур учрашув ўзаро ҳамкорлик борасидаги катта йўлнинг бошланиши эканлигига урғу берилди.
Шундан сўнг Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти Сyхбаатар Эрдэнэбат сўзга чиқиб, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси фаолиятининг асосий йўналишларида олиб борилаётган ишлар, 14 та тармоқ ва 22 та ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Хусусан, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан ижтимоий шерикликни кучайтириш, Мўғулистон Ҳукумати билан ҳамкорликда иш ҳақини ошириш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бошқа масалаларда олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталинди.
Эркин фикр алмашув форматида ўтган учрашув давомида икки мамлакат касаба уюшмалари вакиллари сўз олиб, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳамкорлик йўналишлари хусусида аниқ таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Икки мамлакат касаба уюшмалари етакчилари мазкур Меморандум Ўзбекистон ва Мўғулистон касаба уюшмалари ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Шу куннинг ўзида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўзаро мустаҳкам дўстлик ришталари билан боғлангани, икки мамлакат Президентларининг саъй-ҳаракатлари натижасида охирги йилларда ўзаро бир-бирини тушуниш, дўстона қўшничилик алоқалари мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди. Икки мамлакат касаба уюшмалари Федерациялари ҳамда касаба уюшма фаоллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва яқин ҳамкорлик Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари сиёсатига тўла мос келиши, Қирғизистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси ва ишончли ҳамкори эканлиги, охирги йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасида аҳамияти жиҳатидан мислсиз тарихий қадамлар қўйилгани, бунинг натижасида ўзаро ишонч ва дўстона қўшичилик тамойилларига асосланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
*** *** ***
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Мажлиси доирасидаги тадбирлар дастурига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши кубоги учун мини-футбол бўйича халқаро турнир ҳам бўлиб ўтди. Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари терма жамоалари ўзаро беллашдилар.
Кўтаринки руҳ ва мухлислар қизғин қўллаб-қувватлаши остида ўтган ўйинлар Қозоғистон – Ўзбекистон 1:1, Қозоғистон – Тожикистон 6:5 ва Ўзбекистон – Тожикистон 9:5 ҳисобида якунланди.
Шу тарзда ҳамюртларимиз ва Қозоғистон жамоаси бир хил очко жамғарди. Дўстлик турнири ғолибини аниқлаш учун ушбу жамоалар яна майдонга тушдилар. Бу сафар рақибларидан 2:0 ҳисобида устун келган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси футбол жамоаси ҳақли равишда биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўрин Қозоғистон, учинчи ўрин эса Тожикистон касаба уюшмаларининг терма жамоасига насиб этди.
Шу куни футбол мухлислари яна бир қизиқарли ўйиннинг гувоҳи бўлдилар. Ўзбекистон футбол фахрийлари жамоаси ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари жамоалари аъзоларидан иборат таркибдаги “Дўстлик” жамоаси ўртасидаги ўйин футбол ишқибозларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўйин олдидан майдонга кириб келган Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Мурод Алиев, Азамат Абдураимов каби ўзбек футболи афсоналарини мухлислар олқишлар билан кутиб олдилар. Рамзий маънода тўпни майдонга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ўзбек футбол афсоналаридан бири Биродар Абдураимов киритиб берди. Халқаро тоифадаги спорт ҳаками, ФИФА рефериси, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Равшан Эрматов эса ўйинга старт берди.
Ўзбекистон футбол фахрийлари жамоаси ва “Дўстлик” жамоаси ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли беллашувлар 3:3 ҳисобида якунланди.
Футбол ўйинларидан сўнг томошабинлар эътиборига таниқли эстрада хонандалари ва ёш ижодкорлар иштирокидаги концерт дастури ҳавола этилди.
Халқаро миқёсда ўтказилган мазкур мини-футбол мусобақалари сўнгида ғолиб жамоаларга медаллар ва совғалар, биринчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси жамоасига эса Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг кўчма кубоги топширилди.
Шунингдек, мусобақаларда турли номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланди. Хусусан, ўзбекистонлик Беҳзод Амонуллаев “Энг яхши дарвозабон”, Қозоғистонлик Ашим Баглан “Турнир тўпурари” ва Тожикистонлик Шуҳрат Шамсиев “Энг яхши ўйинчи” деб топилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари