[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.09.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиздаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Меҳнат ҳуқуқи ёшлар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Олий таълим муассасалари талабаларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг моҳиятини тарғиб қилиш, шу орқали фаол фуқаролик позициясига эга бўлган авлодни тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси қарорига асосан ташкил этилган “Меҳнат ҳуқуқи ёшлар нигоҳида” танлови саралаш ва республика босқичларини ўз ичига олди.

Саралаш босқичида ғолиб бўлган талабалар Республика босқичида иштирок этдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳолининг, хусусан, меҳнаткашлар ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир инсоннинг меҳнат қонунчилиги, миллий ва халқаро меҳнат стандартларидан хабардорлик даражасини ошириш, бу орқали меҳнат жамоаларида юзага келиши мумкин бўлган турли салбий ҳолатларнинг, шу жумладан қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишдир. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тошкент Давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик Меморандуми, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси ва Тошкент Давлат юридик университетининг Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўртасида эса ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжатлар доирасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ҳамкорлик Меморандуми доирасидаги эзгу ишлардан бири бўлган мазкур танловда талабаларнинг:

– Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилиш ҳуқуқи;

– ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари;

– касаба уюшмалари фаолияти кафолатлари ва уларга аъзолик афзалликлари;

– миллий ва халқаро меҳнат стандартлари;

– ижтимоий-меҳнат соҳаси ва унга оид бошқа йўналишлардаги билимлари синовдан ўтказилди.

“Меҳнат ҳуқуқи ёшлар нигоҳида” танловида иштирокчиларнинг билимлари тест, оғзаки суҳбат, яъни блиц савол-жавоб шаклида баҳоланди.

Республика босқичига етиб келган 18 нафар талаба билан бўлиб ўтган блиц савол-жавоблар натижаларига кўра танлов ғолиблари, яъни, 1 та биринчи ўрин, 2 та иккинчи ўрин ва 2 та учинчи ўрин соҳиблари аниқланди.

Хусусан, савол-жавоб шаклидаги оғзаки суҳбат давомида 17 бал тўпаб 1-ўрин эгасига айланган Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 3-босқич талабаси Дониёр Усмонов диплом ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди.

2-ўринни 15 бал тўплаган Тошкент Давлат Юридик университетининг 4-босқич талабаси Жавоҳир Исмоилов ва 3-босқич талабаси Нозимжон Одилов эгаллади.

3-ўрин эса 14 балдан бўплаб, ҳар иккови ҳам бир хил натижани қўлга киритган Тошкент Давлат Юридик университетининг 3-босқич талабалари Ойбек Аҳмедов ва Ғолибжон Неъматовга насиб этди.

Иккинчи ва учинчи ўринга сазовор бўлган ёшларга ҳам диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, танловнинг республика босқичида иштирок этган турли олий таълим муассасаларининг 13 нафар талабаси ҳам касаба уюшмалари томонидан муносиб тақдирланди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари