[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.10.2022. Қисман риторика ва иддао аралашгандек кўрингани билан сарлавҳага чиқарилган ушбу саволда асло писанда йўқ. Нeгаки, пахта узоқ йиллар бизнинг нафақат маданий, балки иқтисодий-сиёсий идентитетимизни ҳам белгилаб келди. Чойнагимизда, пиёламизда, ҳатто, ош ейдиган косаю лаганларимизда ҳам ифтихор рамзи сифатида акс этган ушбу зироатчилик экини ижтимоий ҳаётда гўёки, этномаданий бир тотемга айланиб кетгани бор гап.

Ҳа, гап яна пахта – биз миллий бойлик (баъзи ўринларда сиёсий ўзлик) даражасига кўтарган, аммо ундан мудом уқубат кўрган ПАХТА ­СИЁСАТИ ҳақида кетмоқда.

Жорий йил бошларида «Cotton Campaign» коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатимизда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. 2009 йилда ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот айтиш мумкин бўлса, ЯИМ катта қисми пахтага қарам бўлган мамлакатимиз иқтисодиётига темир тушовдек ўз таъсирини кўрсатди. Албатта, ушбу миллий даражадаги иқтисодий-сиёсий нафс (амбиция)нинг оғзига урилган жиловнинг бошқа сабаблари ҳам бўлган. Бироқ энг асосий сабаб бутун бир мамлакат аҳолиси, айниқса, болаларни мажбурий меҳнатдан озод қилишга қаратилган эди.

Меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, сармоядорлар, нуфузли фирма ва компанияларни ўз сафига жамлаган мазкур халқаро коалиция ўз қарори билан ўзбек пахтаси учун ёпилган кўплаб эшикларни очди. Хусусан, 2009 йилда «Cotton Campaign» ўзбек пахтасига бойкот эълон қилгани сабабли 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, «Adidas», «Zara», «C&A», «Gap Inc.», H&M, «Levi Strauss & Co.», «Tesco» ва «Walmart» кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олганлигини ҳисобда тутсак, нақадар бурчакка тиқилганимиз, хонанишин бўлиб ўз ёғимизга ўзимиз қоврилиб ётганимизни яхшироқ тушунамиз.

Куни кеча эса дунё матбуоти айни мазмундаги яна бир янгиликни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш бўйича эришган муваффақиятларини ҳисобга олиб, АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам мамлакатимизда етиштирилган пахта ҳосилини «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати»дан чиқарилишини эълон қилди. Ушбу қарор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чек­ловларни бекор қилади ва шу орқали маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Бу ёрқин ғалабами, йўқми?! Кўнг­лида озгина Ватанга, шу Миллатга меҳри бўлган одам бугун буни тан олади, фахрланади, албатта! Мен ушбу хушхабарни олис Европада хизмат сафарида эшитдим. Ўзбекистонни, бизни яқиндан биладиган ҳамкорларимиз бу оламшумул ғалаба билан мени қўлимни сиқиб қутлаганида, очиғи, кўзларимдан ёш чиқиб кетди.

Ватандан олисда, бегоналар орасида сенинг халқинг, миллатинг эришган муваффақиятлар ҳақида эшитиш кўнгилни жуда юксакларга кўтараркан. Ҳолбуки, бу даврада катта бизнес вакиллари, халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари, ­сиёсатчилар борлиги Ўзбекистонимиз эришган ушбу ғалабанинг нақадар жиддий эканини урғулайди.

Хўш, биз аслида хурсанд бўлишимиз керак бўлган хушхабарнинг моҳиятида нима ётади, ўзи?

Албатта, бу муҳим савол. Маълумки, шу ҳафта АҚШ Меҳнат вазирлиги дунёда мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият бўйича ўз ҳисоботларини эълон қилди. Болалар меҳнати энг ёмон шакллари тўғрисидаги ҳисоботда («TDA Report») Ўзбекистон 2011 йилдан бери биринчи марта болалар меҳнати энг ёмон шаклларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича «сезиларли тараққиёт»нинг энг яхши тоифасига кирди.

Таққос учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистон 2011 йилда «болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича давлат томонидан ҳеч қандай муҳим саъй-ҳаракатлар қабул қилинмаган» 4-тоифага киритилган эди.

Ҳисоботга кўра, бу йил 131 давлат ичида Ўзбекистон «сезиларли тараққиёт» мақомига сазовор бўлган 9 та давлат қаторидан жой олди. Албатта, бу ўз-ўзидан эришиладиган иш эмас. Ёки бугунги кунда дунёнинг «биринчи қудрати»лигига даъво қилаётган глобал кучни аниқ натижаларсиз тан олдиришнинг мутлақо имкони ҳам йўқ.

Эришилган ғалаба, ҳеч шубҳасиз, Президентимиз иш бошлаган кунлариданоқ одамлар оғирини енгил қилиш, жайдари гап билан айтганда, шу меҳнаткаш ва танти халқнинг «ўмгани»ни кўтариш йўлида олиб борган сиёсатининг ёрқин самараси, десам адашмаган бўламан. Ахир ўзингиз ўйланг, ўтган шу беш-олти йил ичида айнан пахтачилик соҳаси, унга бўлган сиёсатни ўзгартириш бўйича қанча фармону қарорлар чиқди, неча-неча йиғилишу анжуманлар бўлиб ўтди, санаб саноғига ета оласизми?

Мазкур ҳисоботнинг баҳолаш мезонлари болалар меҳнати энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар, шикоятларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текшириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва инс­титуционал механизмлари, болалар меҳнатнинг энг оғир шаклларига жалб этилиши олдини олишга қаратилган ижтимоий дастурлар амалга оширилишига, ушбу йўналишдаги давлат сиёсати самарадорлигига асослангани билан ғоят аҳамиятлидир. Бундан кўринадики, мамлакатимиз шу қисқа даврда айни мажбуриятларни уддалаган, тушунарлироқ қилиб айтганда, юз йиллардан буён халқимизнинг силласини қуритиб келаётган мустабид сиёсат – пахта монокультурасига барҳам бера олган.

АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳисоботига кўра, ўзбек пахтасининг ушбу рўйхатдан чиқарилиши сабаблари Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни хорижий сармоядорлар учун жозибали манзил сифатида кўрсатиб, иқтисодий ислоҳотларни олға сура бошлаган 2017 йилдан буён Ўзбекистонда пахта саноатидаги жиддий ўзгаришлар билан боғлиқ.

Ҳужжатда алоҳида таъкидланганидек, ҳукумат бутун ишлаб чиқариш занжирини механизациялашга, ишчи кучидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни камайтирадиган йўналишни давом эттирмоқда. Сўзма-сўз айтганимизда эса «Мажбурий меҳнат ҳолатларининг қисқариши мажбурий пахта теримини бекор қилиш ва ишчиларни ёллашда мажбурлашни таъқиқловчи ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жазоларни назарда тутувчи янги сиёсатни жорий этиш орқали мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳукуматнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир».

Шу ўринда мен яқинда Президентимиз Тошкент вилоятида ўтган сессияда айтган гапларини эсламоқчиман. Йиғилишда Шавкат Миромонович шундай деган эди: «Мен шахсан Президент бўлиб, пахта ҳозир неча фоиз бажарилганини билмайман. Чунки манфаат бўлса, фермерлар, кластерлар ўзи бажараверади. Олдин қандай эди, йилнинг 3-4 ойи эгилиб пахта териш билан ўтарди. Ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам, зиёли ҳам далада бўларди. Яқинда йирик бир давлат раҳбари пахтамизни экспорт қилишни сўради. «Экспортга пахта йўқ, тўлиқ қайта ишлаяпмиз» десам ишонмади. Чунки олдин экспортимиз асоси пахта билан газ бўларди. Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди».

Бу, юз йиллардан буён эрта куздан то қора қишгача бутун мамлакатнинг катта-кичиги пахта даласига сочилиб кетадиган, сиёсат ҳам, маънавият ҳам, ватанпарварлигу халқпарварлик ҳам эгатлар орасидан «изланадиган» юрт одамлари учун худди эртакдай гап, аслида.

Ўзини бугунги Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевга мухолиф сановчилар бир саволни жуда кўп беради: хўш, ўтган олти йилда мамлакатда нима ўзгарди?

Аслида бу саволга мисоллар келтирсак, жуда кўп. Аммо бугунги мавзумиз – халқаро эътирофу «сўров»ларга йўллайдиган жавобларнинг энг залворлиси ва ҳаққонийси бўлиши мумкин. Чунки пахта, пахтачилик сиёсати нима эканини ўша қочирма иддаолардан пона уришни хуш кўрадиганларнинг ўзлари ҳам жуда яхши билади. Зотан, уларнинг тиллари ҳам шу пайкаллар ичида чиққан. Айнан шунинг учун ҳозир эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчиман. Бу қуруқ гап эмас, статистика!

Эсингизда бор, атиги беш-олти йил илгари пахтамизни нафақат етиштириш, ҳатто сотиш ҳам минг машаққат эди. Турли давлатлардан компанияларни «отанг яхши – ­онанг яхши» қабилида чорлаб, керак бўлса, катта зиёфатлар эвазига паст нархларга бўлса-да, маҳсулотимизни «ўтказганимиз»га қарсак чалардик. Сабаб бугун бекор қилинган байкотлар у пайтлар баравж эди. Ўша пайтдаям Ўзбекистон раҳбари «пахтамизга чеклов бор», деб қараб ўтирмаган. Халқаро мажбуриятларни бажариш йўлида собит ҳаракатлар билан бирга қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик соҳасини тубдан модернизация қилиш йўлларини қидирган ва уни удалаган эди. Бу, энг аввало, пахтани расман ­эълон қилинмаган сиёсий статусдан чиқариш ва соҳага замонавий услубиятни олиб кириш, тўқимачилик саноатига енгилликлар беришда ўз аксини топ­­ди. «Пахта кластерлари», «тўқимачилик саноати» деган атамаларнинг тилимизда кўп айланиши нафақат гурунг сифатида, балки ­ҳаётимизда реал воқелик тарзида намоён бўлаётгани билан ҳам бугун эътирофга лойиқ.

Бир эътибор қилинг, Ўзбекистон ҳеч замонда пахта импорти билан шуғулланганми? Аслида масалани ичидан билмайдиган одам учун бу савол сарлавҳадаги сўровдан кўра ҳам риторикроқ туюлиши мумкин. Бироқ ҳақиқат шундаки, бир пайтлар пахтасини ўтказиш учун совуқ ўлкаларнинг корхоналари аъёнларига ош дамлаб, туршак-майиз ташиб юрган ўзбек деҳқонининг пахтаси бугун ўзидан ортмаётир; мамлакатда жонланиб қолган ­текстилчилар, ҳатто, қўшни давлатлар пахтасига буюртма бераётир.

Бу, айтиш мумкин бўлса, Ўзбекис­тон тарихидаги энг қувончли яна бир янгилик. Ўзбек иқтисодиётида бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаган. Бу – сенсация!

Сўзимиз исботсиз бўлмаслиги учун манбага мурожаат қиламиз: Яқинда Тожикистоннинг «Asia-Plus» нашри хабар қилишича, пахта Ўзбекистонга Тожикистондан импорт қилинадиган биринчи рақамли товарга айланди. Хусусан, ўтган 6 ойда Ўзбекистонга 17,3 миллион долларлик 6,6 минг тонна пахта экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 баробар кўп.

Пахта экспорти ҳажми қўшниларнинг Ўзбекистонга экспорт товарлари орасида электр ва цементни ҳам ортда қолдирган. Бу ўзбек текстилчилари ва кластерларининг кенгайиб бораётган бизнеси учун ўз пахтамиз етишмаётгани, давлатимиз энди пахтани арзимаган чақага экспорт қиладиган эмас, ундан тайёр маҳсулот етиштириб ўн чандон қимматроққа сотадиган мамлакатга, қолаверса, минтақа ва жаҳонда текстиль соҳасида гигант бир иқтисодиётга айланаётганини англатади.

Экспертларнинг фикрича, яқин орада Ўзбекистон Марказий Осиё пахтаси учун курашда асосан Банг­ладеш ва Хитой компаниялари билан рақобатлаша оладиган қудратга эга бўла олади…

Гарчи, баъзилар ўтган олти йилда нима бўлди, ҳеч нарса ўзгарган эмас-ку, дея чапаниларча оёқ тираса-да, шукрки, дунёнинг меҳвари уларнинг кайфиятига боғлиқ эмас. Бугун дунё ҳам, одамлар ҳам Ўзбекистонда нималар бўлаётганини, Ўзбекистон қандай юксак марраларни эгаллаётганини кўриб, эътироф этиб турибди.

Яқинда Самарқандда ўтган ШҲТ саммити ва унинг жаҳон сиёсатига сезиларли таъсири Ўзбекистонимизнинг минтақа иқтисодий ва сиё­сий ҳаётида тобора етакчи акторга айланиб бораётганлигини кўрсатди.

Дунёнинг 14 мамлакати раҳбарини ўз бағрида жамлаган Самарқанд ўша кунлари қадимий ­қудрати ва шуҳратини яна намойиш этишга шайлангандек таассурот қолдирди барчамизда.

Бугунги нотинч ва таҳликали замонда нафақат дўст, балки ҳамкор топиш, ўзингга ишонтириш, ортингдан эргаштира олиш осон иш эмаслигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ ўз қилаётган ишинг­­га, бошлаган ташаб­бусларингга дунёни хайрихоҳ қила олиш учун жуда катта меҳнат, сиё­сий ирода талаб қилади.

Шу маънода айтадиган бўлсак, биз хурсанд бўлишимиз керакки, бугун халқнинг бағрига шамол тегиши учун ишлайдиган, унинг қадр-қиммати ва ор-номуси учун курашадиган, сўралган жой ва вазиятда туриб бера оладиган мамлакат раҳбари билан ишлаш қисматимизга тушди.
Бу – Ўзбекистонимизнинг омади, халқимизнинг сўнмас иқболи!

Қудратилла Рафиқов
сиёсатшунос