[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.10.2022. Ёхуд муддатли меҳнат шартномалари тузиш қонунга тўғри келадими? 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, бу борадаги ишлар Фарғона вилоятида ҳам тизимли йўлга қўйилган бўлиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори уюшқоқликда амалга оширилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимининг йиғилиш баёнига асосан вилоят ҳокимлиги, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар, бошқармаларда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳолати ўрганилмоқда.

Ана шундай ўрганишлар “Farg‘onaazot” акциядорлик жамиятида ўтказилиб, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ўрганилди.

Корхонада ҳозирги кунда жами 6 минг 625 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг 2 минг 376 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Корхонада 3 тартибли иш ташкил этилган бўлиб ишчи-ходимларни ишга олиб келиш ва олиб кетиш учун корхона томонидан белгиланган маршрутлар асосида автобуслар қатнови ташкил этилган.

2022 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 87-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкилотда Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Корхона бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Умида Ахунжанова томонидан хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, миллий қадриятларни улуғлаш, жамоадаги хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, гендер тенглик масалалари бўйича ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий-ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида жамоада тизимли ишлар олиб борилаётгани аниқланди.

Бугунги кунда корхонада турли лавозимларда 19 нафар раҳбар аёллар фаолият олиб бормоқда. Раҳбарлик лавозимларига 7 нафар захира аёл кадрлар  шакллантирилган.

Хотин-қизларни касбий салоҳиятини ошириш мақсадида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 11 нафар аёллар учун корхона томонидан контракт пул тўловлари тўлаб берилган. Шунингдек, жорий 2022-2023 йил учун ҳам 4 нафарнинг аёллар тўлов контракт пуллари ўтказиб берилди.

Корхона ишчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида корхонада Даволаш соғломлаштириш диагностика цехи фаолият юритади. Бу ерда ҳар бир ишчи-ходим йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилиб, натижаларга асосан ходимларга тиббий ёрдамлар кўрсатиб келинади.

Бундан  ташқари, Ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона вилояти Экология бошқармаси, Фарғона Кимё заводи, АТ “Халқ банки” Фарғона вилояти филиалларида ўрганиш жараёнида ишчи-ходимларга етарлича меҳнат шароитларини яратиш талаб даражасида олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдилар.

Бироқ, ўрганиш давомида “Asakabank” акциядорлик жамияти Фарғона вилояти филиалида ишловчи аёллар ва бошқа ходимларнинг ҳам меҳнатга оид ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб келаётганлиги аниқланди. Яъни, қонун талабларига зид равишда барча ходимлар билан 1 йил муддатга муддатли меҳнат шартномалари тузилган.

Ҳозирги кунда “Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиалида 74 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг 42 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 76-моддасига мувофиқ иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи чекланган. Яъни, муддатли меҳнат шартномаси  бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда, корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

“Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали ходимлари томонидан  бажариладиган ишнинг  хусусияти  ва шартларидан келиб чиқиб муддатли меҳнат шартномаси тузиш  мумкин бўлмасада, ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирсада (ходимлар ихтиёрий розилиги  мавжуд эмас)  қонун талаблари бузилиб, барча ходимлар билан муддатли  меҳнат шартномаси тузилган. Бунинг билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг  5- ва 76-моддалари талаблари қўпол равишда бузилмоқда.

“Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали  ходимлари 1 йилдан сўнг қаерда ишлашади, деган савол барчамизни ташвишга солиши табиий. Боиси ходимлар билан суҳбатлар жараёнида аён бўлдики, улар кейинги меҳнат фаолиятларини қаерда давом эттиришлари ҳақидаги ўй-фикр гирдобида яшашмоқда. Бу, албатта, уларнинг соғлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ҳа, инсон қадр-қиммати олий қадрият саналаётган юртимизда бу каби қонунбузилиш ҳолатлари фуқароларнинг эртанги кунига бўлган ишончини синдиришга олиб келиши шубҳасиздир.

Юқоридагиларга асосан “Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали иш берувчиси номига аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳамда ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ишчи-ходимлар билан тузилган муддатли меҳнат шартномаларини номуайян муддатга ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан тақдимнома киритилди.

Умид қиламизки, Президентимиз томонидан олиб борилаётган “инсон қадри” учун тамойилига амал қилиниб, юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари тез фурсатларда ижобий ҳал этилади.

Ишчи гуруҳнинг вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар, бошқармаларда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўрганишлари давом этмоқда.

Орзигул Қозихонова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари