[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.10.2022. Жорий йилнинг 17 октябрь санаси билан “Кушербаевга мурожаат” телеграм каналида “Касаба уюшмалари Федерацияси диққатига!” номи остида “Ногирон акамиз санаторийга йўлланма ололмай сарсон” сарлавҳаси билан эълон қилинган постда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Дўстлик МФЙ, 31-уйда истиқомат қилувчи ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Абдирасул Маҳкамовнинг санаторийга йўлланма ололмай сарсон бўлаётгани хусусида мурожаат қилинган (https://t.me/Kusherbayevga_murojaat/1072).

Маълумки, мамлакатимизда ногиронлиги бор ва кекса ёшдаги инсонларни эъзозлаш ҳамда саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида, уларга бепул йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан ажратилиши белгиланган.

Яъни, ногиронлиги бор ёки пенсиядаги фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш Агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиб, бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эгалар.

Бундан келиб чиққан ҳолда пост муаллифи Шерали Қурбоновга ушбу марожаатнинг Касаба уюшмалари Федерациясига эмас, балки манзилли равишда тегишли ташкилотга йўналтирилиши мақсада мувофиқ эканлиги маълум қиламиз.

Шунингдек, юқоридаги сарлавҳа остида эълон қилинган постда номлари келтирилган “Тумандаги Хамидова Саодат опа” ҳам, “ёрдамчиси Холиқов Дилшод” ҳам касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатмайди.

Бундан кўриниб турибдики, мурожаатчилар айтаётган  сарсонгарчиликларнинг сабабчилари касаба уюшма ташкилотлари эмас.

Маълумот ўрнида айтиб ўтишимиз жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг касаба уюшма қўмиталари томонидан ишловчи ходимларга санаторийларда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун имтиёзли, тегишли ҳолларда эса бепул йўлланмалар ажратиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида, пенсиядаги ёки ногиронлиги бор фуқароларга уларнинг ишловчи яқин қариндошлари, яъни турмуш ўртоғи ёки фарзандлари иш жойидаги касаба уюшма қўмитаси орқали имтиёзли йўлланма (йўлланма тўлиқ нархининг қисман 45 фоиз тўлови билан) олиш имконияти яратилган.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда 143 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилди. Улардан 56 мингга яқин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли йўлланмалар асосида дам олиб, саломатликларини тикладилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати