21.10.2022. Шу кунларда касаба уюшма фаоллари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат инспекторлари Миллий мониторинг гуруҳи таркибида пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шароитлар билан танишмоқда.
Яқинда Қашқадарё вилоятидаги қатор фермер хўжаликларида аҳвол кўздан кечирилди. Хусусан, Нишон туманидаги «Ибрагимов Абдиҳалил» фермер хўжалиги далаларида пахта тераётган 42-сонли отряд аъзолари билан учрашув ўтказилди. Мулоқот чоғида теримчилар билан якка тартибда меҳнат шартномалари тузилганига гувоҳ бўлдик.
Нишон тумани «Нишон» МФЙ ҳудудида жойлашган оилавий шифокорлик пунктида бўлганимизда 39 нафар ходимнинг барчаси ўз иш жойида эканининг гувоҳи бўлдик.
Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари теримга жалб этилмаганми? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Чироқчи туманида «Барака» маҳалласидаги 6-сонли ўрта мактабда бўлдик. 69 нафар ходим ишлайдиган таълим муассасасида 627 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу ерда мониторинг ўтказилганда ўқувчилар давомати 98 фоиз экани маълум бўлди. Мажбурий ва болалар меҳнати ҳолатлари аниқланмади.
«Болсувар кўрки» фермер хўжалиги далаларида эса терим қизғин. Бу ерда 107-отряд таркибида 115 киши хирмонга муносиб ҳисса қўшаётир. Миллий мониторинг гуруҳига бўлган мурожаатдан кейин теримчиларнинг 74 миллион 970 минг сўм пули тўлиқ тўланишига эришилди.
Шунингдек, Яккабоғ туманидаги «Яхшибоев Бахтиёр деҳқон», «Берди бобо набираси Дурдона», «Қаҳрамонов Мирзиё» фермер хўжалиги далаларида бўлганимизда теримчилар билан якка тартибда меҳнат шартномалари тузилганининг гувоҳи бўлдик. Уюшмаган аҳолидан ташкил топган ишчилар отрядида махсус саволнома асосида суҳбат ўтказилганда терим пуллари ўз вақтида берилаётгани ойдинлашди. Яратилган шароитлар ва бошқа масалаларда эътирозлар бўлмади.
Анвар Хўжақулов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат техник инспектори