24.10.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” НТМ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастурга асосан жорий йилнинг “Касаба уюшмалари тизимида ёшлар сиёсатини амалга оширишда ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш” мавзусида малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқувларда Тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда Федерациянинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг 22 нафар раис маслаҳатчиси ва ёшлар билан ишлаш комиссиялари раислари иштирок этди.
Ўқув жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар Академияси, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Ўзбекистонда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, “Ўзбекистон-24” радиоканали ҳамда Федерациянинг кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислари, фан докторлари, фан номзодлари, ташкилот раҳбарларининг маърузалари тингланди.
Малака ошириш курсида шунингдек, тингловчилар учун муҳим ва қизиқарли бўлган турли мавзулардаги маърузалар, амалий машғулотлар, маданий-маърифий тарбирлар ҳам ташкил этилди.
Ўқувлар доирасида тингловчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ҳамда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида бўлиб, мамлакатимиз касаба уюшмалари тарихи, касаба уюшмалари ташкил топганидан бугунги кунга қадар бўлган фаолияти, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Агентликнинг касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти билан танишув жараёнларида “Беш ташаббус” маркази ва “Ёшлар Медиа маркази”, “Заковат” клуби, шу билан бирга “Китоблар олами” кутубхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.
Ўқувлар якунида жамоавий спорт мусобақаси ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати