26.10.2022. “Кушербаевга мурожаат” телеграм каналида “Касаба уюшмалари Федерацияси диққатига!” номи остида “Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги 22-мактаб ўқитувчиларининг Мурожаати” сарлавҳаси билан эълон қилинган постда Китоб туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ва ушбу мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси бўлган Хасан Санаев томонидан Китоб тумани давлат солиқ инспекцияси ва Халқ таълими бўлими раҳбарлари мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақларидан уларнинг розилигисиз ва ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларга зид равишда шахсий томорқа ва мол-мулк солиқлари ушлаб қолаётгани, шунингдек, ушлаб қолинган пуллар учун квитанция берилмаётгани, мол-мулк ва ер солиғидан қарздорлиги бўлмаган ҳамда ўз номида уй-жойи бўлмаган ходимларнинг ойлик маошларидан ҳам мол-мулк ва ер солиқлари ушлаб қолинаётгани танқид остига олинган (https://t.me/Kusherbayevga_murojaat).
Мазкур мурожаат Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан жойида ўрганиб чиқилиб, қонуний равишда касаба уюшма аъзолари фойдасига ижобий ҳал этилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, касаба уюшмалари аралашуви билан педагог-ходимлардан Хусан Санаевнинг иш ҳақидан солиқ тўловлари учун ноқонуний равишда ушлаб қолинган 200 минг сўм маблағ солиқ инспекцияси томонидан туман Халқ таълими бўлими ҳисоб рақамига қайтарилган ва бўлим бухгалтерияси орқали ушбу сумма Хусан Санаевнинг пластик карточкасига ўтказиб берилди. (Ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат сифатида 2022 йилнинг 30 сентябрь кунидаги 30-сонли маълумотнома мавжуд).
Худди шу тартибда бошқа ўқитувчиларнинг ойлик маошларидан ноқонуний ушлаб қолинган мол-мулк ва ер солиқлари ҳам ўз эгаларига қатарилди. Хусусан, ўз номида уй-жойи бўлмаган ўқитувчи-педагоглар Мусурмон Эгамназаровга 300 минг сўм (2022 йил 30 сентябрь санаси билан 25-сонли маълумотнома мавжуд), Элёр Зоидовга 200 минг сўм (2022 йил 30 сентябрь санаси билан 32-сонли маълумотнома мавжуд) ноқонуний ушлаб қолинган солиқ маблағлари қайтарилди.
Шунингдек, келгусида бу каби ҳолатларга, хусусан, ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўймаслик, шунингдек, юқоридаги каби қўпол камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга тегишли интизомий чоралар кўрилиши юзасидан Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича Тақдимнома киритилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати