08.11.2022. Мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида меҳнаткашлар билан очиқ мулоқот ва учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар, илғор ва фаол меҳнаткашларни рағбатлантириш ва маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бир қатори “Ўзбекистон металлургия комбинати” Акциядорлик жамиятида бўлиб ўтди.
Дастлаб байрамона тадбирлар дастуридан ўрин олган “Мини футбол” бўйича ташкил этилган “Дўстлик кубоги” мусобақалари ўтказилди. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент ҳудудий кенгаши ҳамда “Ўбекистон металлургия комбинати” бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирда тармоқ ҳудудий кенгаши тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи ходимларидан таркиб топган мини футбол жамоалари билан бир қаторда Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати жамоалари ҳам иштирок этди. Аҳамиятли томони шундаки, “Дўстлик кубоги” соҳа меҳнаткашларига кўтаринки кайфият ва байрамона қувонч бахш этди.
Яхшигина жисмоний тайёргарликка эга бўлган ишчи-ходимлар жамоалари орасидан ғолибни аниқлаш осон бўлмади. Ва ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар яқинлашиб ғолиблар сараланди. Қизғин беллашувларда “Навоий кон-метуллургия комбинати” жамоаси 1-ўринни, “Ўзметкомбинат касаба уюшмаси” жамоаси 2-ўринни, “Ўзметкомбинат меҳнаткашлари” жамоаси 3-ўринни қўлга киритдилар.
Худди шу куни Бекобод шаҳрида янги таъмирдан чиқарилган ёпиқ сузиш ҳавзасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Замонавий иситиш тизимлари ва сувни фильтрлаб берувчи ускуналар, зарур маиший шароитларга эга бўлган ушбу иншоотнинг Касаба уюшмалари куни олдидан фойдаланишга топширилиши комбинат меҳнаткашлари ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб туҳфа бўлди.
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тадбирлар дастурини “Металлург” маданият саройида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир давом эттирди. Тадбирда Ўзбекистон Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раҳбарияти ва масъул ходимлари, унинг тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллари, “Ўзметкомбинат” Акциядорлик жамиятида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар.
Ташкилотчилар томонидан охирги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлгани каби, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг меҳнаткашлар турмуш фаровонлигини оширишдаги муҳим аҳамияти, мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва унинг натижалари алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши 218 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти ва 74 минг нафар касаба уюшма аъзосига эга. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини самарали таъминлаш мақсадида Республика даражасида Тармоқ келишувлари, бевосита тармоқ корхона, ташкилот ва муассасаларида Жамоа шартномалари имзоланиб, амалга татбиқ этиб келинмоқда.
Байрам тадбирида, касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини энг яхши ташкил этган корхона” ҳамда “Электр энергияси ва ёқилғи ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшма ташкилоти” кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди. Соҳада кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимлар, касаба уюшмаси фаолларига Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир давомида байрам иштирокчилари учун “Металлург” маданият саройининг эстрада ва фольклор ансамбллари ижросида намойиш этилган концерт дастури янада хуш кайфият бағишлади.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари