[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.11.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни: Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари фаолиятига назар” мавзуида брифинг ўтказилди.

Брифингда сўнгги 6 йил давомида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижасида катта ўзгариш ва салмоқли натижаларга эришилгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, Президентимиз раҳбарлигида халқни рози қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ҳаракатлар ва ташаббуслар мамлакатимиз довруғини Янги Ўзбекистон номи билан бутун дунёга таратмоқда. Ана шундай изчил ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган 8-Қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикда мустақил давлатимиз тарихида илк бора 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи билдирилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, ва бу 5,5 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланиб қолди.

Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди. Ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид қабул қилинган қонунларнинг аксариятида, давлат органлари томонидан Федерацияга келишиш учун тақдим этилган 1000 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан янги Меҳнат кодексида касаба уюшмалари таклифларининг аксарияти ўз аксини топди.

2022 йилнинг ўн ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 4,5 мингга яқин мурожаати кўриб чиқилди. Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 121 та тақдимноманинг 73 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартарф этилди. Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 15 минг 918 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 10 миллиард 179 миллион сўмдан ортиқ зарар тўловлари ундириб берилди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида 857 та корхона ва ташкилот фаолияти жамоатчилик назорати тартибида ўрганилиб, аниқланган 2 минг 281 та камчилик бартараф этилиши таъминланди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош келишув амал қилмоқда. Ўтган даврда касаба уюшмалари иштирокида тузилган тармоқ келишувлари сони 110 тадан 117 тага ортди. Бугунги кунда бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 111 минг 789 та Жамоа шартномаси амал қилмоқда. Жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, хусусан, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар белгилаш, айниқса, ёшлар, аёллар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, дам олиш ва соғломлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 6 миллион 410 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 26,6 фоизга ошди.

Қатор тармоқ ва ҳудудларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. Чунончи, республика бўйича 18 811 та корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 915 840 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган, бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг 20 фоизини ташкил этади. Тузилган жамоа шартномаларининг 105 777 тасида, яъни 94,6 фоизида, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган. Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Натижада  2 млн. 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан турли соҳа ходимлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Кам таъминланган оилалар, пенсия ёшидаги ходимлар, ногиронлиги бор шахслар, ишловчи аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилди. Биргина 2022 йилнинг 9 ойи давомида жамоа шартномалари орқали 156 мингдан ортиқ фуқарога ва 55 мингдан ортиқ оилага 136 миллиард 132 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Меҳнат муҳофазаси йўналишида2022 йилнинг ўтган даврида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари томонидан 800 га яқин корхона, ташкилот фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни батараф этиш мақсадида иш берувчиларга 500 дан ортиқ тақдимномалар киритилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви билан 63 фоиз тақдимномаларда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилишига эришилди. Касаба уюшма мутахассислари ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссиялари, касб касалликларини текшириш ишларида, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этмоқда.

Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими орқали жорий йилнинг май-октябрь ойлари давомида республика бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 626 минг 910 нафар (97,2 фоиз) хотин-қизларга амалий ёрдам берилди. Жумладан, 210 минг 635 нафарининг бандлиги, 42 минг 709 нафар хотин-қизнинг кредит олиши таъминланиб, ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашилди. Кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кредит олишни рад этган 949 нафар хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида 185 та тадбиркорлик субъектларининг ҳар бирига шу аёлларни ишга олиш шарти билан 225 млн. сўмдан 1 млрд. сўмгача кредит берилди.

Боқувчисини йўқотган 173 минг 494 нафар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 119 минг 677 нафар, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 69 минг 998 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирига 1 млн 200 минг сўмгача ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 6 минг       442 нафар ва уй-жойга муҳтож 1 минг 125 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирига 600 минг сўмгача моддий ёрдамлар берилди.

Уй-жойга муҳтож бўлган 9 минг 448 нафар хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Уларнинг 6 минг 596 нафарига турар-жой учун ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаб берилди, 2 минг 384 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди, 468 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, юқоридагиларга қўшимча равишда боқувчисини йўқотган 3 минг 973 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 2 минг 459 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд
3 минг 952 нафар хотин-қизга томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди. 203 минг 548 нафар хотин-қизлар ва уларнинг 38 минг
492 нафар вояга етмаган фарзандлари тиббий кўрикдан ўтказилди, 238 минг 573 нафарига ҳуқуқий, 206 минг 446 нафарига психологик ёрдам берилди. 23 минг 702 нафарига деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш учун жами 5 минг 115 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилди. 7 минг 732 нафарига ер майдонларини суғориш, иссиқхоналар қуриш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш ҳамда бошқа йўналишларда субсидиялар берилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 73 нафар хотин-қизлар ва “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг 15 нафар фарзандларига контракт тўловининг бир қисми тўлаб берилди.

Кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини оммалаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва секторлар раҳбарлари билан биргаликда жойларда 1 002 та лойиҳа ишлаб чиқилди ва уларнинг 924 таси ишга туширилди. Натижада 100 минг 588 нафар аҳоли, шундан 72 742 нафар хотин-қизлар кооперация асосида иш билан таъминланди.

Сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида ҳам халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясига аъзоликка қабул қилинди. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига ассоциациялашган аъзо сифатида кирди. Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши тузилди. Кенгашнинг жорий йилда бўлиб ўтган 2-мажлисида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси Кенгаш аъзолигига қабул қилинди.

Касаба уюшма ходимлари ва фаоллар малакасини ошириш мақсадида Федерациянинг Малака ошириш институтида жорий йил апрель-октябрь ойларида 780 нафар, масофавий таълим тизими орқали 1050 нафар касаба уюшма ходимлари ва фаоллари ўқитилди. Жорий йилдан эътиборан Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси фаолият бошлади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши – ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришдир.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2022 йилда жами 143 мингдан зиёд дам олувчилар соғломлаштирилиб, улардан 62 минг 405 нафари имтиёзли ва 4 554 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.

Касаба уюшмалари томонидан нафақат меҳнаткашлар, балки нуроний отахон ва онахонлар ҳам тизимдаги санаторийларда соғломлаштирилмоқда. 2022 йилда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 73 нафар “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари соғломлаштирилиб, ўз саломатликларини тикладилар. 345 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари тизимдаги санаторийларда соғломлаштирилди. Ташкилотларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналарига ҳар йили 7 мингга яқин имтиёзли ва ишлайдиган кексаларга 300 дан ортиқ бепул йўлланмалар ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқилган Федерация дастури доирасида, тизимдаги санаторийларда кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг аёллари, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда бефарзанд оилаларнинг ишлайдиган оила аъзолари учун акциялар ташкил этилиб, улардан 500 нафарга яқини бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилади.

Муҳтарам устоз ва педагогларни соғломлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 5 387 нафар педагоглар бепул йўлланмалар билан касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан дам олдирилиб, саломатликларини тикладилар.

Жорий йилги ёз мавсумида жами 1 минг 801 та (режа 1 минг 131 та) оромгоҳлар фаолият кўрсатди ва уларда 402 минг 399 нафар (режа 297 минг 441) бола соғломлаштирилди. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги 16 та санаторийда 2 минг  154 нафар она ва бола биргаликда дам олдирилди.

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамда касаба уюшма аъзоларининг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда Федерация томонидан замонавий санаторийлар ва болалар оромгоҳларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 2016-2022 йиллар давомида 8 та янги санаторий ва дам олиш уйлари (“Янгиер”, “Кўхинур”, “Хўжаипок”, “Чинобод плаза”,  “Сангардак”, “Заркент”, “Севарсой” санаторийлари, Хўжаипок ота номли дам олиш маскани) қуриб фойдаланишга топширилди.

Мавжуд 7 та санаторий, дам олиш уйлари ва даволаш профилактика марказида, шу жумладан, “Зомин” санаторийсида янги она ва бола биноси, “Оқтош” санаторийсида янги ётоқ ва ошхона биноси, “Оқтош шабода санаторийси”да янги ётоқ биноси, “Турон” санаторийсида янги ошхона биноси, “Умид гулшани” санаторийсида янги ошхона биноси, “Бўстон” санаторийсида даволаш бўлимини қуриш ва жиҳозлаш ишлари, “Чинобод” санаторийсида ошхона биносини реконструкция қилиш, Абу Али Ибн Сино  санаторийсида замонавий ётоқ ва даволаш биноси қуриш, мавжуд 150 ўринга мўлажалланган ётоқхона, даволаш, маъмурият биноларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, 6 та янги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари (“Амударё”, “Жайҳун-Амударё”, “Анор”, “Зомин”, “Зиё чашмалари”, “Оқ кема”, “Сўх” болалар оромгоҳдари) янгидан қуриб фойдаланишга топширилди.

Юқоридаги ишлар натижасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилиб, 2000 та янги иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, Наманган шаҳрида “Океан сув-спорти саройи”, Тошкент шаҳрида “Яккасарой спорт мажмуаси ташкил этилди. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тарихи музейи қуриб фойдаланишга топширилди. Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида қайта қурилиб, ишга туширилди. Касаба уюшмалари анжуманлар саройида қурилиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек бугунги кунда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Чимган” қишлоғида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани, Сангардак қишлоғида, Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида янги санаторийларни қуриш ва жихозлаш ишлари, “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси”да сузиш ҳавзасини қуриш ишлари, ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ётоқ биносини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойи давомида “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида қарийб 238 минг ходим ва улар оила аъзоларининг республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкил этилди. Ушбу мақсадлар учун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 48 млрд. 683,6 млн. сўм сарфланди.

Касаба уюшмалари оммавий спортни ривожлантириш, спортга жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, йил давомида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оилавий спорт мусобақалари, хотин-қизлар ўртасида спорт фестивали, “Саломатлик” спартакиадаси, “Чарм тўп” мусобақалари, оммавий югуриш ва юриш тадбирлари, Республика  мини-футбол турнири, Мустақиллик, Навруз байрамлари ҳамда “Халқаро Олимпия куни”га бағишлаб спортнинг  мини-футбол, стол тенниси, шахмат, шашка, югуриш турлари бўйича мусобақалар тизимли ўтказилди. 2022 йил 9 ой якунига кўра, ўтказилган спорт-соғломлаштириш тадбирларида 3 млн. 200 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Жисмоний тарбия ва спорт – соғломлаштириш ишлари бошқармаси” тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида спортнинг оғир атлетика, бокс, эшкак эшиш, слалом, юнон рум кураши, от спорти турлари бўлимларида 337 дан ортиқ бола шуғулланмоқда. Наманган шаҳрида халқаро стандартларга жавоб берувчи “Океан” сув спорти саройида Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг филиали очилган бўлиб, унда 234 нафардан ортиқ йигит-қизлар спортнинг сузиш ва сув полоси спорт  турлари билан шуғулланмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Президентимиз ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда бундан буён ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўналишларидаги ишларни изчиллик билан амалга оширади. Сирасини айтганда Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳада янги марраларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида касаба уюшмалари ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини оғишмай давом эттиради. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати