[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.11.2022. Жиззах вилоятининг сўлим Зомин тумани, “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Суффа” платоси жойлашган манзилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган “Суффа” туристик-рекреацион зонаси ҳамда замонавий меҳмонхоналарнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ва санъат намоёндалари иштирок этдилар.

Маълумки, Жиззах вилояти юқори туризм салоҳиятига эга бўлиб, бу энг аввало вилоятнинг туризм турларини ривожлантиришга имкон берувчи ноёб табиати билан боғлиқ. Хусусан, ҳудудда тоғ ва экстремал туризм турлари, жумладан, алпинизм, сноубординг, аэронавтика, велоспорт, мотоспорт, шунингдек, экологик ва агро туризмни ривожлантириш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Бундан ташқари, вилоят зиёрат ва гастрономик туризм йўналишларида ҳам юқори салоҳиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6201-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, тоғли ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Суффа” халқаро умуммавсумий курорти бугун ўзгача қиёфа ва жозиба касб этган.

Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш ҳамда ҳудудда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу ҳудудда транспорт воситаларининг эркин ҳаракатини таъминлаш, янги турдаги транспорт ҳаракатини жорий этиш, тегишли транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунингдек, туристик зона ва унга олиб борувчи Республика ва маҳаллий даражадаги йўлларни қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари бажарилиб, туристларга қулай шароит яратиш мақсадида “Тошкент – Дашобод – Самарқанд” йўналиши бўйича темир йўл орқали йўловчи ташиш тизими йўлга қўйилди.

2021 — 2023 йилларда Зомин туманида жами 25 та меҳмонхона, 73 та дам олиш маскани ва сиҳатгоҳлар қурилиши, уларда ташкил этиладиган ўринлар сони 1 460 тани ташкил этиши белгиланган бўлиб, “Суффа” текислигида бунёд этилган 3 та замонавий меҳмонхона ушбу пурвиқор тоғлар бағрида қад ростлаган муаззам туристик мажмуанинг илк қалдирғочларидир.

Мазкур меҳмонхоналарнинг тантанали очилиш маросими иштирокчиларига Ўзбекистоннинг Швейцарияси номини олган Зомин бу гал ўзгача кайфият ва тароват бахш этди. Тадбирда сўз олганлар Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан Зомин туманида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва туризм салоҳиятини оширишга йўналтирилган амалий саъй-ҳаракатлар – замирида ИНСОН ҚАДРИ УЧУН ғояси мужассам бўлган халқпарвар сиёсатнинг яна бир ёрқин нуманаси эканлигини эътироф этдилар.

Зомин туристик-рекреацион зонаси ҳудудидаги “Суффа” текислигида барпо этилган биринчи замонавий меҳмонхона лойиҳаси доирасида “Ramada Encore” халқаро меҳмонхонаси стандарлари асосида 1 та 240 ўринли, 5 қаватли замонавий меҳмонхона қурилди. Меҳмонхона майдони жами 8 029,58 кв.м. дан иборат бўлиб, 110 та номердан ташкил топган.

Замонавий меҳмонхонанинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватларининг ҳар бирида 22 тадан,  4-қаватида 27 та ва 5-қаватида 17 та хона жойлашган. Шунингдек, меҳмонхонада оилавий,  икки кишилик, алоҳида ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам хоналар ташкил этилган. Яна бир аҳамиятли жиҳат – алоҳида ҳолларда меҳмонхона 235 нафар меҳмон ва ташриф буюрувчиларга бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатиш қувватига ҳам эга.

Меҳмонхонага туташ бўлган ҳудудда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, Европадан келтирилган турли хил қимматбаҳо ва декоратив дарахт ҳамда буталар экилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа доирасида ҳудуднинг туристик салоҳияти оширилибгина қолмай, 88 та янги иш ўрни ҳам яратилди. Ушбу иш ўриларига қабул қилинган ходимларнинг малака ва кўникмалари мунтазам равишда ҳорижий тажриба асосида чет эллик мутахассислар томонидан бойитиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2021 йил                           28 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорига мувофиқ амалга оширилган мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – тоғли ҳудудларнинг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишдир.

“Суффа” текислигида бунёд этилган навбатдаги замонавий меҳмонхона лойиҳаси “Tryp by windham” халқаро меҳмонхонаси стандарлари асосида амалга оширилган бўлиб, 240 ўринли 5 қаватли замонавий меҳмонхонани ўз ичига олади.  Жами 7 688,05 кв.м. майдонга жойлашган ушбу меҳмонхона 116 та номердан иборат бўлиб, 1-қаватда 15 та, 2-қаватда 30 та, 3-қаватда 29 та, 4-қаватда 28 та ва 5-қаватда 14 та хона жойлашган.

Меҳмонхонанинг оилавий,  икки кишилик, алоҳида ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган хоналари ҳам бошқа номерлар каби ўзининг шинам ва жозибадорлиги билан ажралиб туради. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 161 нафар меҳмон ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш қувватига эга.

Ушбу туристик масканда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида бу ерга ташриф буюрувчилар учун янада кўтаринки кайфият улашувчи яшил ҳудуд барпо этилган бўлиб, дарахт ва буталарнинг ноёб навлари ўзига хос декоратив манзарани мужассам этганлиги билан ажралиб туради.

Мазкур замонавий меҳмонхона лойиҳаси доирасида яратилган 93 та янги иш ўрнида ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминланган.

Учинчи замонавий меҳмонхона қурилишига тўхталадиган бўлсак, “Wyndham Garden” халқаро меҳмонхонаси стандарлари асосида барпо этилган 240 ўринли 5 қаватли замонавий меҳмонхона 107 та номерни ўз ичига олади. Хусусан, мазкур меҳмонхонанинг 1-қаватида 20 та, 2- ва 3-қаватларида 25 тадан, 4-қаватда 19 та ва 5-қаватда 18 та хона жойлашган.

Бир вақтнинг ўзида 230 нафар меҳмон ва ташриф буюрувчиларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги меҳмонхонада турли тадбирлар ўтказишда қўл келади. .

Лойиҳа доирасида 86 та янги иш ўрни яратилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Зомин тумани “Суффа” платоси ҳудудида экстремал туризм турларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хусусан, дельтаплан, квадратцикл, парашютда учиш, ҳаво шарларида самога кўтарилиш ва спорт туризмининг бошқа турларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳам қайд этиш жоиз.

Ҳозирда туристик-рекреацион ҳудудда Зомин санаторийсидан “Суффа” платосига қадар, узунлиги 2160 метр ва бир тарафга қабул қилиш соатига 500 кишини қамраб оладиган гондол типидаги замонавий осма дор йўлини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туристик зона ҳудудидаги объектлар учун электр-энергия, ичимлик ва оқава сув тармоқларини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Юқорида зикр этилган 3 та замонавий меҳмонхонанинг очилиш маросимига йиғилганлар юқори туристик салоҳиятга эга бўлган ушбу дам олиш ҳудудининг имкониятлари билан яқиндан танишдилар.

Тантанали тадбир иштирокчилари Зоминнинг гастрономик туризм салоҳиятини ўз кўзлари билан кўриш имокниятига ҳам эга бўлдилар. Шу ернинг ўзига ўрнатилган кўчма тандирлардан янгигина узилган донғи оламга кетган Жиззах сомсаларию, Зомин қозон патирлари, ширмой нону қатламалар, ҳордиқ учун ўрнатилган ўтов-уйлар ва унинг атрофида тин олган нор туялар, буларнинг барчаси замонавий туризм марказининг ўзига хос ташриф қоғози эканлигини кўрсатди.

Қизиқарли дастурларни ўз ичига олган тантанали очилиш маросимида қорда юрувчи техникалар карвони ва кўкка кўтарилган ҳаво шарларига ўнатилган Она Ватанимиз байроғининг майин ҳилпираши қалбларга янада фахр ва ифтихор бахш этди. Самога учирилган дельтопланларнинг акси рассомлар қоғозга туширган табиат манзараларини янада бойитди. Ҳайкалтошларнинг муздан ясалган ижод намуналари, чавандозларнинг оппоқ қор устида ўзларининг яқин ҳамроҳлари бўлган отлари билан намойиш этган чиқишлари-ю кўпкари мусобақаси, “қор бўрон” ўйнаётган болажонларнинг шодон кулгулари-ю бетакрор санъат намуналаридан иборат кўргазмалар, мумтоз миллий оҳанглар ва жаҳон классик мусиқаси садолари, булурнинг барча-барчаси туристик маскан жозибасини янада оширди.

Ана шундай ажиб ва ёқимли манзаралардан завқ олган иштирокчилар таассуротлари бой ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар, эл-юрт ардоғидаги инсонлар, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган олиму, шоирлар суҳбати ила янада муаззамлик касб этди.

Сирасини айтганда шу куни Зомин тоғлари виқори, мусаффо ҳавоси, табиатидаги жозибадорликдан баҳраманд бўлиш орзусида бўлган минглаб орзуманд қалбларнинг истаклари рўёб топди. Президентимиз ташаббуслари билан ушбу туристик ҳудудда амалга оширилаётган улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари Зоминни дунё аҳлига ҳар томонлама ривожланган, туристик салоҳияти юқори, иқлими бетакрор, сўлим ва мусаффо ҳавога эга, дунёда аналоги йўқ маскан сифатида намоён этиш имконини яратди.

Тантанали тадбир сўнгида ташкил этилган мушакбозлик каттаю кичикка бирдек қувонч улашди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари