23.11.2022. Дилнозахон Қоратоева 2013 йилдан буён Фарғона вилояти Қон қуйиш марказида турли вазифаларда ишлаган. 2021 йил апрелидан марказнинг 119-сонли буйруғига асосан иммунология бўлими лаборанти вазифасига ўтказилган. Унгача Д.Қоратоевага ишлаган вазифалари зарарли бўлгани сабабли Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, 15 фоиз қўшимча тўлов тўлаб келинган. Бироқ у бошқа вазифага ўтказилгандан сўнг бу тўлов тўхтаб қолган.
Д.Қоратоева иш ҳақига қўшимча тўловлар тўланмаётганини билгач, сабабини билишга қизиқади. Бироқ тегишли қарорда иммунология бўлими лаборанти вазифасида ишловчи ходимларга қўшимча тўловлар тўлаб берилиши кўрсатилмаган, деган важдан сўнг у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мурожаат ўрганилганда Д.Қоратоевага қонун доирасида тўланиши керак бўлган қўшимча тўловлар, ҳақиқатан ҳам, марказ томонидан тўланмай келинаётгани маълум бўлди. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида лаборатория врачи ва ўрта тиббий ходимларга лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўланиши лозимлиги белгиланган. Бу Д.Қоратоевага ҳам қўшимча тўловлар тўланишига асос бўлиши Фарғона вилояти Қон қуйиш маркази масъулларига тушунтирилса-да, масъуллар буни инобатга олишни исташмади.
Оқибатда иш судгача борди. Судда Д.Қоратоевага 2021 йил 5 апрелдан 2022 йил июль ойигача тўланмаган 10 млн. 384 минг сўм қўшимча тўловларни тўлаб бериш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, унинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Зафаржон Қурбонов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори