[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.11.2022. Сирдарё туманидаги «Бунёдкор» маҳалласида яшовчи Муҳиддин Утехўжаев ўтган йилнинг декабрида ўзи ишлаб келаётган «Пенг-шенг» қўшма корхонасида тан жароҳати олиб, ногирон бўлиб қолди. Афсуски, ўтган вақт давомида у қонунда белгиланган тартибда тўланиши керак бўлган зарар ва бир йўла берилиши лозим бўлган нафақа пулларини ололмади. Шундан сўнг амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгашига мурожаат қилди.

Кенгашнинг меҳнат техник инспектори Абдукамол Ҳакимов нафақа пулларини қонуний тартибда ҳисоблаб чиқди. Демак, Муҳиддин Утехўжаевнинг бахтсиз ҳодисага учрагунга қадар даромад олиб ишлаган даври 6 ойни ташкил қилади. Унинг бир ойлик ўртача иш ҳақи 2 миллион 284 минг 104 сўм бўлиб, 12 ойга кўпайтирилганда бир йўла берилиши лозим бўлган товон пули 27 миллион 445 минг 255 сўмни ташкил этди.

Тиббий ижтимоий экспертиза комиссияси Муҳиддинга II гуруҳ ногиронлиги ва 70 фоиз касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги даражасини белгилаган. Шунинг учун бир ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида ҳар ойда тўланиши керак бўлган зарар миқдори келиб чиқади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига асосан нафақа ва зарар пуллари суғурта қилган ташкилот томонидан тўлаб берилиши белгиланган.

Амалий ёрдам натижасида Муҳиддин Утехўжаевга қарийб 35 миллион сўмлик зарар маблағи ундириб берилди.

Озода Мамадалиева