28.11.2022. Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жисмоний тарбия ва спорт соғломлаштириш ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ҳудудларда ишчи-ходимлар ўртасида волейбол бўйича республика биринчилиги ташкил этилди.
Ходимлар орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида уюштирилган ушбу мусобақанинг эркаклар ўртасидаги дастлабки босқичи Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт базаларида бўлиб ўтди.
Волейбол мусобақасининг эркаклар ўртасидаги баҳсларида ҳудудлардан жами юз нафардан ортиқ ходим иштирок этишди.
Якуний натижаларга кўра, мусобақада Қорақалпоғистон ва Андижон вилояти жамоалари 3-ўринни, Наманган вилояти жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллашган бўлса, мутлақ биринчиликни Навоий вилояти вакиллари қўлга киритишди.
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида, энг аввало, спорт соҳасида узоқ йиллар хизмат қилган ёши улуғ фахрийларга эҳтиром кўрсатилиб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Сўнгра мусобақа ғолиблари диплом ва медаллар билан тақдирланишди. Бош совринни қўлга киритган Навоий вилояти жамоасига Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг махсус кубоги тақдим этилди.
Орзугул Рустамова