01.12.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат қонунчилигини ривожлантириш тенденциялари” мавзуидаги халқаро онлайн семинар ўтказилди.
Бир вақтнинг ўзида онлайн ва офлайн форматларда ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Касаба уюшмалари Федерациясининг ижтимоий шериклари бўлган вазирлик ва идоралар, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари кенгашлари мутасаддилари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси экспертлари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия миллий касаба уюшма марказлари раҳбар ва мутасаддилари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур семинар мавзуси бугунги кун учун жуда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларидаги меҳнат соҳасига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бугунги кундаги ривожланиш тенденцияларини яна бир бора таҳлил этиш ва муҳокадан ўтказиш имкониятини берди.
Авваламбор, шуни таъкидлаш зарурки, қабул қилинаётган ҳар қандай қонун ҳужжатларининг асосий вазифаси – инсонлар турмуш фаровонлигини оширишдир. Айнан меҳнат қонунчилиги ҳам худди шу мақсадларга қаратилган.
Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси имзоланди ва ушбу ҳужжат 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга киради.
Таъкидлаш зарурки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш учун қатор объектив сабаблар юзага келган эди. Хусусан, ҳозирда амалда бўлган Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга келиб ўзининг тарихий вазифасини ўтаб бўлгани, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб этишнинг турли-туман янги шакллари юзага келиши муносабати билан замонавий талаб ва воқеликларга жавоб бера олмаётгани фикримиз далилидир.
Иккита қисм, 34 та боб ва 581 та моддадан иборат бўлган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг Махсус қисми меҳнат ҳуқуқининг алоҳида институтларига бағишланган бўлиб, “Ишга жойлаштириш”, “Индивидуал меҳнат муносабатлари”, “Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш” каби бўлимларни ўз ичига олади.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тааллуқли халқаро ва ҳорижий тажриба, шу жумладан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Конвенциялари, Ғарбий ва Шарқий Европа мамлакатлари, Осиёнинг етакчи мамлакатлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар тажрибалари ҳам ўрганилиб, таҳлил этилди.
Аҳамиятли томони шундаки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимларнинг ҳам, иш берувчиларнинг ҳам манфаатлари балансини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, ушбу ҳужжатда ходимлар, иш бреувчилар ва давлат манфаатлари балансини ҳисобга олган ҳолда меҳнат муносабатларини тартибга солишга йўналтирилган мутлақо янги нормалар ҳам кўзда тутилган. Бунда ходимлар ҳуқуқлари сезиларли даражада кенгайиши билан бирга қўшимча кафолот ва имтиёзлар ҳам эътиборга олинган. Масалан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини белгилаш мумкин бўлмаган шахслар доирасини кенгайтиради.
Таъкидлаш ўринлики, меҳнат муносабатлари соҳасидаги мазкур барча янгиликлар Ўзбекистонда мамлакат раҳбари ташаббуси билан инсон манфаатлари, шу жумладан, меҳнат кишиси манфаатлари йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга мос равишда ишлаб чиқилиб, аҳолининг муносиб меҳнат қилиши ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадларига йўналтирилган.
Семинарда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Монголия мамлакатларидаги ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилиги борасида ҳам фикр алмашинилди. Келгусида Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголиядаги ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилигини халқаро ҳамда миллий меҳнат стандартларига мос равишда янада такомиллаштириб бориш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган янгиланиш жараёнлари ва ислоҳотлар, меҳнат қонунчилигининг ривожланиш тенденциялари Халқаро Меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси мутасаддилари томонидан юқори баҳоланди.
Тадбир якунида бу каби анжуманлар меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги келгуси фаолиятни янада такомиллаштириш имконини бериши алоҳида таъкидланди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари