06.12.2022. Яхшилик унутилмайди, асло изсиз кетмайди, меҳр кўрган инсон албатта бошқаларга ҳам меҳр кўрсатади.
“Enter Engineering Pte. Ltd.” компанияси касаба уюшма қўмитаси ҳам ана шу сўзларга амал қилган ҳолда, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига кўмаклашиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, ногирон фарзанди бор касаба уюшма аъзоларига амалиий ёрдам кўрсатиш мақсадида ижтимоий акциялар ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай лойиҳаларнинг навбатдагиси 3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилди.
Акция доирасида “Enter Engineering Pte. Ltd.” компанияси касаба уюшма қўмитаси томонидан 100 нафар ходимнинг 105 нафар фарзандига жами 190 миллион 600 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари Бухоро вилоятининг Когон ва Бухоро шаҳарларида истиқомат қилаётган икки нафар ходимнинг оиласидан хабар олиниб, ногирон фарзандлари кўнгли кўтарилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати