13.12.2022. Наманган шаҳар, «Обиҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини, Темирйўл кўчасидаги 82-уйда яшовчи чин етимлар Акрамжон ва Анасхон Аҳмаджоновлар хонадони ниҳоятда таъмирталаб эди. Анчадан буён буни билиб-кўриб юрган маҳалла раиси Толибжон Эралиев ажойиб ташаббус кўрсатди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташкиллаштирган республика танловида ғолиб чиқиб, ўттиз миллион сўмлик мукофотни қўлга киритгач, уни шу уй таъмирига сарфлади.
Ота-онасидан эрта жудо бўлган бу йигитлардан каттаси Акрамжоннинг ногиронлиги бор, Анасхон эса ҳали мактаб ўқувчиси. Улар доимий даромад манбаи га эга бўлиши учун яшаш жойи яқинидаги цехда иш билан ҳам таъминланган.
Биз «Юртимизда ўксик кўнгилларни шод этадиган Толибжон сингари саҳий инсонлар сафи кенгаяверсин!» деймиз.
Орзугул Рустамова