19.12.2022. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ва Кенгаш мажлиси бўлиб ўтди. Унда Республика кенгаши раиси Халилова Мавжуда Хамдамовна сўзга чиқиб, тармоқ тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Маъруза давомида М.Халилова Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан 2020 йилда “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланганлиги ва жорий йилда ўтказилган 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрамида Юртбошимиз томонларидан ушбу кунни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши билан бирга меҳнаткашлар учун дам олиш куни деб белгилаш таклифи билдирилганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни касаба уюшмалари томонидан қўллаб-қувватлаш, фуқароларни мазкур ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга рағбатлантириш, ўз фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, фан ва маданият, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт, хизмат кўрсатиш, коммуникациялар, ҳуқуқ-тартибот, касаба уюшмалари ва жамоат ишлари соҳалар вакилларининг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилган бўлиб, жорий йилда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан 5 нафар фидоийлар “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” нишони ва 25 нафар касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг бир гуруҳи “Эҳтиром нишони” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
М.Халилова тармоқ тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Кучкинов Норсейид Эрназаровични “Эҳтиром нишони” билан тақдирланганлиги билан яна бир бор ҳамкасблар номидан табриклади.
Маъруза давомида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” бажарилишига кўмаклашиш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг 2022 йил 9 февралдаги 5-10 ”с”- сонли қарори билан тармоқ дастури тасдиқланган. Тизим корхоналарида мазкур дастурни амалга оширишга оид чора-тадбирлар қабул қилиниб йил давомида белгиланган режа асосида амалга ошириб келинганлиги ва Республика Кенгашида дастур ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида Дастур бандларининг ижросини ҳар ойда таҳлил қилиш, танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилганлиги айтиб ўтилди.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастурида ва Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, дастур ижроси босқичма-босқич таъминланган.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларни, пенсионерларни ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, тармоқ тизимидаги корхоналар ва касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилига кўра, 1002 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам берилган ва уларни эсдалик совғалар билан тақдирлаш тадбирлари ўтказилган. Ишламайдиган 3420 нафар пенсионерларга (корхоналарнинг собиқ ходимларига) моддий ёрдамлар берилган. Шу билан бир қаторда, 1224 нафар ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга ҳамда 1030 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Жумладан, “Аммофос-Максам”АЖ “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида 50 нафар нафақадаги нуронийлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун Тошкент шаҳри бўйлаб касаба уюшма қўмитаси томонидан саёҳат уюштирилган.
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ногиронлиги бўлган шахслар учун озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси тарқатилган.
“Максам-Чирчиқ” АЖда “Хумсонбулоқ” санаториясида “Мадад” фахрийлар жамияти кенгаши аъзолари ва фаоллари учун сайёр ўқув семинарлари ташкил этиб борилган.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида иш берувчилар ва касаба уюшмаси эътибори кучайтирилган.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 1007 нафар ёш оналарга моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишида, тармоқ тизимидаги корхоналарда ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилган.
Жумладан, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 320 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўлови амалга оширилган. 83 нафар ёш ходимларга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилган. Тармоқ тизимидаги корхоналарда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 4664 нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаш учун маблағлар ажратилган.
Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналишида Меҳнат жамоаларида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”нинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарғиб этилиб келинмоқда.
Тармоқ тизимдаги корхоналарда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар меҳнат шароитларининг яхшиланиши, иш берувчиларнинг уларга адолатли муносабатда бўлишини таъминлашга эришиш, маънавий, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил қилиш мақсадида тармоқ келишувларига ва жамоа шартномаларига имтиёз ва кафолатлар киритилиб, таъминлаб борилган.
Ижтимоий ривожланиш соҳасида – турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, тизимдаги санаторийларда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва меҳнаткашлар ҳамда улар оила аъзоларининг сифатли соғломлаштиришни ташкил этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, ички туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Меҳнат жамоаларида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича қабул қилинган Давлат дастурининг мақсад ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Маънавият соатлари”, давра суҳбатлари ва махсус маърузалар ташкил қилинган.
Мажлисда сўзга чиққан Кенгаш аъзолари фаолият юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Бир сўз билан айтганда тармоқ ва тизимдаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилий ва танқидий кўриб чиқилиб, мавжуд камчликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ва Республика кенгаши фаолиятининг 2023 йил учун устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси