[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.12.2022. Белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси, эришилган натижалар салмоғи бажарилган ишлар сарҳисоби ва таҳлилида намоён бўлади. Шу маънода 2022 йил Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятида ҳам тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилувчи воқеаларга бой, янгиланиш ва тизимни такомиллаштириш йили бўлди. Чунки, мамлакатимиздаги мазкур энг йирик жамоат ташкилоти Инсон қадри учун тамойили асосида миллионлаб одамлар оғирини енгил қилиш, эҳтиёжманд оилалар шароитларини яхшилаш, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. Энг муҳими, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот оркали ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги муҳим  масалалар  ҳал этилишига эришилди.

Касаба уюшмалари ишчи ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш, зарур бўлса судларда ҳимоя қилиш орқали таъминлаб келаётган йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 14 тармоқ ва 14 та ҳудудий кенгаш, 34 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари мавжуд. Уларга 5,5 миллиондан ортиқ касаба уюшма аъзолари бирлашган.

Касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари  Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш  берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, унинг  асосида ишлаб чиқилиб, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар ҳамда касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланадиган Жамоа шартномалари орқали ҳимоялаб келинмоқда.

2022 йилда касаба уюшмалари иштирокида тузилган тармоқ келишувлари сони 110 тадан 117 тага ортди. Бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 111 минг 789 та Жамоа шартномаси амал қилаётгани ҳолда, улар орқали жами 5 миллионга яқин меҳнаткашларнинг манфаатлари қамраб олинди.

Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, хусусан, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш, ходимларни дам олдириш ва соғломлаштириш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бор инсонлар учун ижтимоий имтиёз ва кафолатлар бериш масалалари ҳал этилмоқда.

Хусусан, ходимларнинг контракт асосида ўқиётган фарзандларига  контракт пулини қайтариш асосида тўлаш; даволаниш, никоҳ тўйи ва бошка  оилавий аҳволига кўра моддий ёрдам бериш; мураккаб жарроҳлик операцияларини ва стационар даволанишини қоплаш; вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақалари учун нафақани 100 фоизгача тўлаш; ҳомиладор аёлларнинг туғишгача ва туғишдан кейинги ҳақ тўланадиган таътиллари кунини узайтириш, таътилга чиқаётганда моддий ёрдам кўрсатиш; ходимларнинг овқатланиш ҳаражатлари ва ишга келиб кетиши учун транспорт харажатларини қисман қоплаш каби масалалар назарда тутилган.

Бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда Жамоа шартномаси орқали 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган ўртача маблағ миқдори 6 миллион 410 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 26,6 фоизга ошди.

Тузилган жамоа шартномаларининг 105 минг 777 тасида, яъни 94,6 фоизида, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилишига эришилди.

110 минг 825 нафар ходимга жамоа шартномаларига биноан тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш имкони яратилди.

Жамоа шартномаларига орқали аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилиши натижасида 2 млн. 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат тадастурини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиб, дастур доирасида:

2022 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 197 минг 455 нафар фуқаро ва 67 минг 993 та оилага 183 млрд. 552 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Жумладан:

икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 9 минг 472 нафар ёш онага 6 млрд. 210 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди;

кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ходимларнинг 73 минг 682 нафар ўғил-қизлари 19 млрд 533 млн. сўмлик ўқув қуроллари билан таъминланди;

нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 4 минг 546 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси вақти 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди;

кам таъминланган ёш оилалардан бўлган 65 минг 849 нафар ходимга  37 млрд. сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди;

олий ўқув юртларида таълим олаётган 3 минг 493 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага 16 млрд. 547 млн. сўмлик ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди;

2 минг 144 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 15 млрд. 304 млн. сўмлик фоизсиз cсудалар ажратилди;

Шунингдек, 57 минг 803 нафар  пенсионерга 32 млрд. 719 млн. сўмлик моддий ёрдам, 12 минг 678 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга байрамлар арафасида 7 млрд. 330 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар бирлашмалари вакилларидан иборат ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар тузилди. Улар жамоавий меҳнат низолари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида иш олиб бормоқда.

Қатор тармоқ ва ҳудудларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланаётгани янада аҳамиятлидир. Хусусан, Республика бўйича 18 минг 811 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициентини кўтаришга эришилди. Бу орқали 915 минг 840 нафар ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилди.

Иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш, иш берувчилар томонидан энг кам иш ҳақи меъёрларига риоя қилиниши, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда иш ҳақидан ушлаб қолишларнинг олдини олиш масалалари Федерация аъзо ташкилотлари фаолиятининг устувор йўналишлари бўлиб қолмоқда.

2022 йил 1 декабрь ҳолатига иш ҳақи бўйича муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида касаба уюшма органлари томонидан иш берувчилар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, банклар, меҳнат инспекциялари, прокуратура ва судларга 164 марта мурожаат қилиниши натижасида ходимларга 58 млрд 209 млн сўм ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди.

Касаба уюшмалари барча ҳудудларда иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 11 ойи давомида 8293 та корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилиши ҳолати ўрганилди. 765 минг 202 та корхона, ташкилот ва муассасада 5312 нафар ходимга тўланадиган иш ҳақининг улар малакасига мувофиқлиги  мониторинг қилинди.

2022 йил давомида Касаба уюшмаларининг ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги фаолияти мунтазам равишда такомиллаштириб борилди. Хусусан, ҳисобот даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси  томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига оид 300 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар берилди..

Ходимларнинг меҳнат  ҳуқуқига даҳлдор амалий ишлар статистик маълумотлар орқали янада аниқроқ тасаввур уйғотади.

2022 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси  томонидан 857 та ташкилотда ўтказилган жамоатчилик назорати тартибидаги ўрганишлар жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилиши бўйича 2 минг 798 та ҳолат аниқланиб, 2 минг 281 та камчилик бартараф этилди.  Ходимларга 847,5 млн. сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ундириб берилди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмаларига “Ишонч телефонлари”  ва интернет тармоғи орқали жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 4846 та мурожаатнинг 1158 таси қаноатлантирилди. Жами 16 минг 505 нафар инсоннинг ижтимоий меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 11 млрд. 794 млн. сўмдан зиёд зарар пуллари ундириб берилишига эришилди.

2022 йил давомида жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича режалаштирилган 322  минг 97 та тадбирнинг бажарилиши учун иш берувчилар томонидан 133 млрд 128 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Зарарли омиллар таъсирида ишловчи 20 минг нафардан ортиқ аёллар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқдан ўтказилиб, ўқитилди.

Нодавлат секторидаги 8 минг 200 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган 144 минг нафардан зиёд ходимлар касаба уюшмаларига жалб этилиб, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси таъминланди.

Касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан яна бири бўлган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда тизим тасарруфида 25 та санаторий фаолият кўрсатмоқда. 2022 йил давомида уларда жами 143 мингдан зиёд дам олувчи соғломлаштирилди. Улардан 62 минг 405 нафари имтиёзли ва 7 447 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.

Шунингдек, “Саховат”  уйларининг 73 нафар кексалари, 317 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари соғломлаштирилди. Кам таъминланган, кўп болали оилалардан бўлган аёллар, тиббиёт, таълим соҳаси ходимлари бепул йўлланмаларга эга булди. Хусусан, келажагимиз бўлган ёш авлод вакилларига таълим-тарбия бераётган устоз-педагоглардан 5 387 нафари касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан дам олдирилиб, саломатликларини тикладилар.

2022 йилги ёз мавсумида республикамиз бўйича жами  402 минг 399 нафар бола соғломлаштирилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг  фарзандларига болалар оромгоҳларига бепул йўлланмалар берилди. Ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг 703 нафар фарзандлари стационар турдаги оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Қорақалпоғистон Республикасидан 2 минг 430 нафар ўғил-қиз республикамиз ҳудудларидаги энг сўлим ва баҳаво стационар оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди. Мавсум давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун жами 100,0 млрд. сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги 16 та санаторийда 2 минг  154 нафар она ва бола биргаликда дам олдирилди.

Касаба уюшмалари меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш орқали меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзига эришишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2022 йил давомида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ўтказилган оилавий спорт мусобақалари,  “Саломатлик” спартакиадаси, мини-футбол турнири, каби мусобақаларда 3 млн. 200 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 2022 йил давомида 296 минг нафардан зиёд меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди. Ушбу мақсадларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан қарийб 59 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари қарийб 244 минг нафар ходимнинг  маданият муассасаларига ташрифи ташкил этилди.

Касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлиги биринчи навбатда малакали, интилувчан ва ташаббускор кадрларга боғлиқ эканлигини инобатга олиб касаба уюшмалари таълими тизими мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Сархисоб килинаётган йилда Касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида 2500 нафарга яқин касаба уюшма кадрлари ва фаолларининг малакаси оширилди.

2022 йилда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, ҳорижий касаба уюшма марказлари билан ҳамкорлик алоқалари янада ривожлантирилди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Президентимизнинг хорижий мамлакатлар, аввало яқин қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш соҳасидаги прагматик сиёсатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан таъсис этилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши нуфузи ва аъзолари сони ортди. Яъни 2022 йилда мазкур Кенгаш аъзолигига Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси ҳам қабул қилинди.

2022 йилда Федерация томонидан янги замонавий санаторийлар ва болалар оромгоҳлари, қатор ижтимоий объектлар бунёд этилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Паркент туманида жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи янги “Заркент” санаторийси, Бўстонлиқ туманида муҳташам “Севарсой” санаторийси, Фарғона вилоятининг Сўх туманида замонавий “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи   фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда икки йилдан буён 11 ноябрь ­– “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами кенг нишонланмокда. 2022 йил 11 -ноябр   унутилмас вокелар билан тарихга мухрланди. Президентимизнинг касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига йўллаган байрам табригида 11 ноябрга – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни, меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва бу кунни дам олиш куни деб белгилаш таклифи илгари сурилди.

Асосий байрам тантанаси Давлатимиз рахбари ташаббуси билан  Тошкент шаҳри марказидаги юртимиз маданияти ва санъатида ўзига хос ўрин тутган тарихий бино – собиқ “Свердлов” номли концерт зали биноси негизида янгитдан бунёд этилган муҳташам “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи”да ўтказилди. Яқин тарихда  муҳим маданий марказ бўлган ушбу маскан узоқ йиллар эътибордан четда қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан тарихий кошона яна халқимизга қайтарилди.

Шунингдек, сана муносабати билан ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, энг фидойи, энг ташаббускор инсонлар меҳнати эътироф этилди.

2022 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси барпо этилди. Давлатимиз раҳбари қарори билан ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур академияда бугунги кунда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Айни пайтда олий таълим муассасасида кундузги ва сиртқи таълимнинг бакалавр йўналишида жами 474 нафар талаба таълим олмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тарихи музейи қурилиб, ишга туширилди.

Сўнгги йилларда Касаба уюшмалари аҳолининг ижтимоий ҳимоясини  кучайтириш борасида самарали фаолият олиб боряпти.  Хусусан,   Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган ноёб тизим, яъни “Аёллар дафтари”  бўйича ҳам кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.  Бунинг натижасида “Аёллар дафтари” тизимининг:

1-босқичида 430 минг 275 нафар,

2-босқичда 450 минг 870 нафар,

3-босқичда эса 641 минг 816 нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

2022 йил давомида мазкур дафтарга кирган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 214 минг 47 нафарининг бандлиги таъминланди, 45 минг 616 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 478 млрд 934 млн сўмлик кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган фарзанди бор, вақтинча ишсиз  хотин-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, уй-жойларини таъмирлаш, ижара тўлови учун  компенсация тўлаб бериш, арзон уй-жойлар билан таъминлаш, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатиш, ўз ишини йўлга қўйиши учун субсидиялар бериш, касбга қайта тайёрлаш  ишлари манзилли  амалга оширилди.

Сирасини айтганда “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичи рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун барча манбалар ҳисобидан жами 1,3 трлн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Президентимиз ташаббуслари билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилган 2023 йилда ҳам Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаол иштирок этиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўналишларидаги саъй-харакатларни изчил давом эттирадилар. Аслида ҳам касаба уюшмалари фаолияти бевосита инсон манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир. 

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари