2023 йил учун жамоа шартномаларини тузиш бўйича тавсиялар
01.02.2023. 2022-йил 28-октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798-сонли Қонуни имзоланди, ушбу кодекс 2023-йил 30 апрелдан кучга киради.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш соҳасида ижтимоий шериклик имкониятларини кенгайтирди.
Маълумки, жамоа шартномаси бошланғич даражадаги ижтимоий шерикликнинг энг муҳим ҳужжати ҳисобланади ва унга Меҳнат кодексининг алоҳида боби бағишланган.
Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Жамоа шартномаси умуман ташкилотда, унинг алоҳида бўлинмаларида тузилиши мумкин. Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.
Жамоа шартномасини тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарор ва уни тузиш масаласи бўйича жамоавий музокаралар бошлаш тўғрисидаги таклиф исталган тарафдан берилиши мумкин.
Жамоавий музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш учун ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия тузилади.
Жамоавий музокаралар.
Ижтимоий шерикликнинг ҳар қандай тарафи жамоавий музокаралар ташаббускори бўлиши мумкин.
Аввалги жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уч ой ичида ёки ушбу ҳужжатда белгиланган муддатларда ижтимоий шерикликнинг ҳар қандай тарафи бошқа тарафга янги жамоа келишувини, жамоа шартномасини тузиш юзасидан музокаралар бошлаш тўғрисида ёзма хабар юборишга ҳақлидир.
Иш берувчиларнинг манфаатларини ифода этувчи шахслар, шунингдек иш берувчилар ташкил этган ёки молиялаштирадиган органлар томонидан ходимлар номидан жамоавий музокаралар олиб борилишига ҳамда жамоа шартномаси тузилишига йўл қўйилмайди.
Ижтимоий шериклик тарафлари тегишли сўров олинган кундан эътиборан икки ҳафтадан кечиктирмай жамоавий музокаралар олиб бориш учун зарур бўлган ўзидаги мавжуд ахборотни бир-бирига тақдим этиши керак.
Жамоавий музокаралар иштирокчилари, жамоавий музокаралар олиб бориш билан боғлиқ бўлган бошқа шахслар олинган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар давлат сирларига ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса, ошкор қилмаслиги лозим.
Жамоавий музокаралар бошланиши тўғрисида билдиришнома олган ижтимоий шериклик тарафи етти кунлик муддатда ташаббускорга жамоавий музокаралар ўтказилиши ҳақида жавоб юборган ҳолда жамоавий музокараларга киришиши шарт. Агар тарафларнинг келишувига кўра жамоавий музокаралар бошланишининг бошқа санаси белгиланмаган бўлса, жамоавий музокаралар ўтказиш ташаббускори томонидан мазкур жавоб олинган кундан кейинги кун жамоавий музокаралар бошланадиган кун бўлади.
Жамоавий музокаралар ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан олиб борилади. Ушбу комиссия, зарурат бўлганда, ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.
Ишчи гуруҳлар тарафлар тенглиги асосида ижтимоий шериклик тарафларининг вакилларидан шакллантирилади. Тарафларнинг ҳар бири ишчи гуруҳдаги ўз вакилларининг шахсий таркибини мустақил равишда белгилайди. Тарафларнинг келишувига кўра ишчи гуруҳ таркибига маслаҳат овози бериш ҳуқуқига эга бўлган мустақил олимлар, экспертлар, мутахассислар шартнома асосида киритилиши мумкин.
Aгар жамоавий музокаралар жараёнида жамоавий музокаралар тарафлари музокаралар предмети бўлган айрим масалалар юзасидан келишувга эриша олмаган бўлса, улар ихтилофларга сабаб бўлмаган масалаларга доир келишувни расмийлаштиради ва бир вақтнинг ўзида келишувга эришиб бўлмаган масалалар бўйича ихтилофлар баённомасини тузади.
Aгар жамоавий музокаралар жараёнида музокаралар предмети бўлган барча масалалар юзасидан келишилган қарор қабул қилинмаган бўлса ҳам музокаралар тарафлари ихтилофлар баённомасини тузади.
Ихтилофлар баённомасида тарафларнинг ихтилофларни бартараф этиш учун зарур бўлган чоралар ва жамоавий музокараларни қайта тиклаш муддатлари тўғрисидаги келишиб олинган таклифлари кўрсатилади.
Тарафлар жамоавий музокараларни қайта тиклаш чоғида ҳал қила олмаган ихтилофларни ҳал этишга (тартибга солишга) доир низолар жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Жамоавий музокараларда, жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлашда иштирок этадиган шахслар асосий ишидан тарафларнинг келишуви билан белгиланадиган муддатга, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда озод этилади.
Жамоавий музокараларда иштирок этиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда компенсация қилинади. Aгар жамоа шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлмаса, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг хизматларига ҳақ тўлаш таклиф қилувчи тараф томонидан амалга оширилади.
Жамоавий музокараларда иштирок этадиган ходимларнинг вакиллари билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан ушбу музокаралар олиб борилаётган даврда бекор қилишга, шунингдек уларга нисбатан интизомий жазо қўллашга ёки уларни бошқа ишга ўтказишга уларнинг вакиллик қилишига ваколат берган органнинг олдиндан розилигини олмасдан йўл қўйилмайди.
Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилиши.
Жамоа шартномасининг мазмунини ва тузилишини унинг тарафлари белгилайди.
Жамоа шартномасига иш берувчининг ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;
ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари;
иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги;
ходимларнинг, шу жумладан аёлларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш;
ташкилотни, идорага қарашли уй-жойни хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олиш;
ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;
иш берувчи томонидан ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат қилиш, тарафларнинг жавобгарлиги, касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиши учун нормал шароитлар билан таъминлаш.
Ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.
Агар қонунчиликда қоидалар жамоа шартномасида албатта мустаҳкамлаб қўйилиши шартлиги тўғрисидаги тўғридан-тўғри кўрсатма мавжуд бўлса, ушбу қоидалар жамоа шартномасига киритилади.
Жамоа шартномасида қуйидаги шартлар бўлмаслиги керак:
ходимларнинг ҳолатини мазкур ходимларга татбиқ этиладиган қонунчиликка ёки жамоа келишувларига нисбатан ёмонлаштирадиган;
меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;
мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;
ички даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардан ташқарига чиқадиган.
Aгар жамоа шартномасида юқорида назарда тутилган шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмасдир. Жамоа шартномаси айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги жамоа шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.
Жамоа шартномасининг лойиҳасини муҳокама қилиш.
Жамоа шартномасининг лойиҳаси ташкилотнинг бўлинмаларида ходимлар томонидан муҳокама қилиниши лозим ҳамда келиб тушган таклифлар ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан маромига етказилади.
Жамоа шартномасининг лойиҳаси жамоатчилик экспертизасини ўтказиш учун тегишли касаба уюшмаларига, уларнинг бирлашмаларига, бўлинмаларга ва касаба уюшмалари қўмиталарига тақдим этилиши мумкин.
Жамоа шартномасининг маромига етказилган лойиҳаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига (конференциясига) кўриб чиқиш учун киритилади.
Жамоа шартномаси, агар меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) ҳозир бўлганларнинг эллик фоизидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади. Aгар жамоа шартномасининг лойиҳаси маъқулланмаса, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия уни умумий йиғилишнинг (конференциянинг) таклифлари ва мулоҳазаларига мувофиқ маромига етказади ҳамда ўн беш кун ичида умумий йиғилишда (конференцияда) кўриб чиқиш учун такроран тақдим этади.
Тарафлар жамоа шартномаси лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида ҳал қила олмаган ихтилофларни ҳал этиш бўйича низолар жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш) учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Жамоа шартномаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) маъқулланганидан кейин тарафларнинг вакиллари уч кун ичида жамоа шартномасини имзолайди.
Жамоа шартномасининг кучга кириши, амал қилиш муддати ва доираси.
Жамоа шартномаси имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа шартномасида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ва шартномада назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан уч йил амал қилади. Мазкур муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунига ёки амалдаги жамоа шартномасини ўзгартиргунига, тўлдиргунига қадар амал қилади. Тарафлар жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уни узайтириши мумкин.
Жамоа шартномасининг амал қилиши иш берувчига ва ташкилотнинг барча ходимларига, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан, ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида тузилган жамоа шартномасининг амал қилиши эса тегишли бўлинманинг барча ходимларига нисбатан татбиқ этилади.
Жамоа шартномасининг амал қилиши жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ташкилот қайта ташкил этилаётганда шу қайта ташкил қилиш даврида жамоа шартномаси ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.
Ташкилотни қайта ташкил этиш якунланган пайтдан эътиборан бир ой ичида жамоавий музокараларнинг исталган тарафи амалдаги жамоа шартномасини қайта кўриб чиқиш ёки ўз кучида сақлаб қолиш тўғрисида таклиф киритишга ҳақли.
Ташкилотнинг мулкдори ўзгарганда жамоа шартномасининг амал қилиши олти ой мобайнида сақлаб қолинади. Бу даврда тарафларнинг янги жамоа шартномасини тузиш ёхуд амалдагисини сақлаб қолиш, унга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳақида музокаралар бошлашга ҳақли.
Жамоа шартномасини қайта кўриб чиқиш чоғида аввалги жамоа шартномасида ходимлар учун назарда тутилган имтиёзларни сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақидаги ва бошқа шартларни бажариш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилаётганда жамоа шартномасининг амал қилиши тугатишнинг бутун муддати ичида сақлаб қолинади.
Жамоа шартномаси ташкилотнинг тузилмаси, номи, бошқарув органи таркиби ўзгарган ёки ташкилот раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.
Жамоа шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ушбу Кодексда уни тузиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Иш берувчи жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ходимларни жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.
Меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи ишга қабул қилинаётган ходимни жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.
Жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат шартнома тарафларининг вакиллари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия, меҳнат жамоаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Шартнома тарафларининг вакиллари ҳар йили ёки жамоа шартномасида назарда тутилган муддатларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.
2023 йил учун жамоа шартномасининг макети иловада келтирилган.[1]
[1] Макет мазмуни умумий тусга эга. Ҳар бир иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўзларининг муайян ташкилоти фаолият соҳаси ва тури, ишлаб чиқаришнинг шароитлари ва ташкил этилиши, иш тартиби, турли тоифадаги ходимлар меҳнатидан фойдаланиши хусусиятларидан келиб чиқиб, жамоа шартномасига ташкилот фаолияти учун зарур бўлган нормаларни киритади. Ушбу ташкилот фаолиятига ҳос бўлмаган нормалар (масалан, касаначиликдан, вахта услубидаги ишдан, спортчилар ёки маданият ходимларининг меҳнатидан фойдаланиш ва бошқалар)ни жамоа шартномасига киритилиши шарт эмас.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Меҳнаткашларнинг ижтитимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими