25.01.2023. Ишхона ҳам иккинчи оиладек гап. Умримизни сарҳисоб қилсак, ярми ишхонада, қадрдон меҳнат жамоамизда ўтади. Мен ҳам оз эмас, кўп эмас, нақд 20 йил Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасида турли вазифаларда фаолият юритдим.
Меҳнат фаолиятим давомида Ўзбекистон Касаба уюшмалари кўмагидан кўп маротаба фойдаланганман. Ўзимни, ота-онамни соғломлаштиришда эса касаба уюшмасининг имтиёзли йўлланмалари асқотган.
2022 йилнинг декабрь ойида касаба уюшмасидан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Боиси иш берувчи томонидан буйруқ расмийлаштирилиб, мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Оилада ёлғиз боқувчи эканлигим, қарамоғимда 2 нафар вояга етмаган фарзандим борлиги сабабли ишлашим керак эди.
Ўйлаб-ўйлаб Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига меҳнатга оид ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим.
Касаба уюшмалари мутахассислари томонидан мурожаатим қонуний ўрганилиб, меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларимни тиклаш бўйича Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармаси раҳбари номига Тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг иш берувчи томонидан мазкур Тақдимнома қаноатлантирилиб, мен Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасининг бўлим бош мутахассиси-мурожаатлар билан ишлашга масъул вазифага ишга тикландим.
Мен фидойи касб эгалари бўлган шифокорлар, устоз-мураббийлар қаторига касаба уюшмаси ходимларини ҳам киритаман. Чунки фуқароларнинг, хусусан, ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда айнан касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс бўлмоқда.
Раҳмат Сизга, касаба уюшмаси фидойилари!
Севара Узакова
Фарғона шаҳри