27.01.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг IV – мажлиси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилган мажлисда Марказий студиядан Федерация раҳбарияти, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари ва ўринбосарлари, Федерациянинг Қорқалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари, Тошкент шаҳридаги ташкилотлардан сайланган Бош кенгаш аъзолари, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг бўлим мудирлари ва масъул ходимлари, ҳудудий студиялардан эса Бош кенгашга тармоқ ва худудлардан сайланган аъзолар, Федерациянинг Қорақалпоғистон ва вилоят Кенгашлари раисларининг ўринбосарлари, бўлим мудирлари ҳамда тармоқ касаба уюшмаларининг вилоят бўлинмалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Бош кенгаш мажлисида дастлаб “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2022 йилдаги фаолияти якунлари ва 2023 йилнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиевнинг маърузаси тингланди.
Таъкидланганидек, 2022 йил касаба уюшмалари учун ниҳоятда самарали бўлди. Хусусан, ўтган йил давомида 11 мингга яқин янги корхона касаба уюшмаларига жалб этилиб, 220 мингдан ортиқ ходимлар касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
11 – ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига йўллаган табригида 11 ноябрга меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва бу кунни дам олиш куни деб эълон қилиш таклифи билдирилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултой қарорларидан, шунингдек, Федерациянинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Стратегик йўналишларидан келиб чиқиб, 2022 йил учун белгилаб олинган 9 та устувор йўналишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотлар томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ижтимоий-меҳнат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, соҳага оид ички норматив ҳужжатларни такомиллаштириш йўналишида Федерация томонидан 2022 йил давомида Ўзбекистон Республикасининг 9 та қонуни лойиҳаси бўйича ходимлар ҳамда касаба уюшмалари манфаатларини ифода этувчи таклифлар киритилди. Бундан ташқари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси тайёрланиб, бугунги кунда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Ҳисобот даврида, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 95-сонли, “Энг кам иш ҳақини ўрнатиш тўғрисида”ги 131-сонли ҳамда “Касаначилик тўғрисида”ги 177-сонли конвенциялари ратификация қилинишини илгари суриш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясига юборилди.
Меҳнат инспекторлари томонидан 2022 йилда касаба уюшмалари инспекторлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижаларига кўра жами 77 минг 408 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 53 млрд. 963 млн. 107 минг сўм зарар пуллари ундирилишига эришилди.
Касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан тушган жами 4 минг 846 та мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 153 та тақдимноманинг 93 таси, судларга киритилган жами 84 та даъво ва буйруқ тартибидаги аризалардан 67 таси қаноатлантирилди. Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 16 минг 505 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 11 млрд. 794 млн. сўм зарар ундирилишига эришилди.
2022 йил давомида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган 5 минг 652 та камчиликни бартараф этиш тўғрисида иш берувчиларга 1 минг 50 та тақдимномалар киритилиб, 2 минг 154 та камчиликлар касаба уюшмаларининг аралашуви билан бартараф этилишига эришилди.
Ҳисобот даврида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш бўйича касаба уюшмаларининг жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Ижтимоий мулоқот ҳамда ижтимоий шериклик кўламини кенгайтириш, ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2022 йил 16 декабрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишуви имзоланди ва амалга киритилди.
2023 йил 1 январь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий (шу жумладан, 7 та минтақавий) келишувлар, тармоқларда республика миқёсида 117 та тармоқ (шу жумладан, 22 та тариф келишуви ва 1 та ягона жамоа шартномаси) келишувлари мавжуд.
Бундан ташқари Агросаноат мажмуи ва Таълим ва фан ходимлари ходимлари касаба уюшмалари туман (шаҳар), вилоят бўлинмалари томонидан 915 та туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги ҳудудий-тармоқ келишувлари амал қилмоқда.
2023 йил 1 январь ҳолатига бевосита корхона ва ташкилотларда касаба уюшмаси хизматига олинган 113 минг 63 та юридик шахсларнинг 112 минг 962 тасида (99,9 %) жамоа шартномалари қабул қилинган бўлиб, улар орқали жами ишловчиларнинг манфаатлари қамраб олинди.
Республика бўйича 19 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 920 минг нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган.
Тузилган жамоа шартномаларининг 95 фоизида, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган.
Ҳисобот даврида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш концепциясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Аҳолининг иш топишда қийналаётган ижтимоий заиф қатлами учун корхона, ташкилот ва муассасаларда банд қилиб қўйилган иш ўринларига фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш доирасида Бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Касаба уюшмалари фаолиятининг учинчи устувор йўналиши ҳисобланган Касаба уюшмаларини ташкилий жиҳатдан, шунингдек моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари ташкилотларига амалий ҳамда услубий ёрдам кўламини кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларига аъзолик афзалликларини тушунтириш ва тарғибот қилиш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилда юридик шахс бўлган 10 минг 545 та корхона ва ташкилотдаги 220 минг 340 нафар ходим касаба уюшмаларига жалб этилди.
Федерация аппарати бўлимларининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан республиканинг 9 та вилоятида 150 дан зиёд бошланғич ташкилотлар фаолияти ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди.
Касаба уюшмалари инспекциялари томонидан тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар бўлинмалари ходимлари, корхона, ташкилот ва муассасалардаги касаба уюшмалари фаоллари иштирокида 1 минг 89 та ўқув, тарғибот тадбирлари, семинар ва вебинарлар ўтказилди.
Касаба цюшмалари томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жаҳон стандарти талабларига мос келадиган “Севарсой санаторийси”, Паркент туманида “Заркент” санаторийси, Фарғона вилоятининг Сўх туманида замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, касаба уюшмалари Федерациясига берилган собиқ “Свердлов концерт зали”да реконструкция ишлари амалга оширилиб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи” деб номланди ва аҳоли учун ўз эшикларини очди.
Тўртинчи устувор йўналиш – “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда касаба уюшма ташкилотларининг изчил ва тизимли фаолиятини ташкил этилиб, аҳолининг турли тоифалари қўллаб-қувватланди. Жумладан, ҳисобот даврида, жамоа келишувлари ва шартномлари орқали 75 минг 585 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун 20 млрд. 165 млн. сўмликдан зиёд ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қисман қоплаб берилди. 24 минг 736 та корхонада 69 минг 984 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 1 минг 275 та корхонада олий ўқув юртларида тахсил олаётган 3 минг 646 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб ебрилди.
Шунингдек, 1 минг 61 та корхонада 2 минг 231 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун фоизсиз cсуда ажратилди. 853 та корхонада 1 минг 716 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссуда берилди. Ушбу ишларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 78 млрд. 624 млн. 200 минг сўм йўналтирилди.
Ёш касаба уюшмаси фаолларидан 14 нафарига тизимдаги санаторийларга йўлланма, Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 14 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабалар учун “Касаба уюшмалари стипендияси” ажратилди.
Ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга харидорларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Қўл меҳнати маҳсулотлари”, “Корхонамиз маҳсулотлари” шиори остида кўргазмалар ташкил этилиб, уларда 6 минг 145 нафар ёшлар иштирок этди.
Пенсия ёшидаги шахслар ҳамда корхоналарнинг собиқ ходимларидан
111 минг 727 нафари турли кўринишда моддий қўллаб-қувватланди ва ушбу мақсадларга жами 89,5 млрд. Сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Бешинчи устувор йўналиш – “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш йўналишида Касаба уюшмалари Федерациясининг дастури тасдиқланиб, унинг ижроси учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағларидан жами 402 млрд. 832 млн. 800 минг сўм (касаба уюшмалари маблағларидан 221 млрд. 358 млн.700 минг, иш берувчилар маблағларидан 181 млрд.474 млн.100 минг) йўналтирилди.
Олтинчи устувор йўналиш – Аҳолини оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда фаол иштирок этиш, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида 2022 йил давомида касаба уюшмалари томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ўтказилган спорт тадбирларида 3 млн. 200 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси томонидан Федерация тасарруфидаги “Яккасарой спорт мажмуаси”да Халқаро оила кунига бағишланган спорт фестивали ўтказилди.
2022 йилда тизимдаги 25 та санаторийда 143 мингдан зиёд меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди, улардан 62 минг 405 нафари имтиёзли ва 7 минг 447 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналарига ҳар йили 7 мингга яқин имтиёзли ва ишлайдиган кексаларга 300 дан ортиқ бепул йўлланмалар ажратилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, тизимдаги санаторийларда кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг аёллари, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда бефарзанд оилаларнинг ишлайдиган оила аъзолари учун акциялар ташкил этилиб, улардан 540 нафари 1 млрд. 776 млн. сўмлик бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди.
Президентимиз ташаббусларига асосан, юртимиз тинчлик ва осойишталигини сақлаётган ички ишлар ходимларини рағбатлантириш ва уларни саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзоларидан 158 нафарига 528 млн. сўмлик бепул йўлланмалар ажратилди.
«Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари тарбиячиларидан 15 нафарига 42 млн. сўмлик бепул йўлланмалар берилди. Умумтаълим муассасаларининг педагогларидан 4 минг 997 нафари 11 млрд. 270 млн. сўмлик бепул йўлланмалар билан тизимдаги санаторийларда дам олдирилиб, саломатликларини тикладилар.
2022 йил ёз мавсумида болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш ишларини юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, республика бўйича жами 1 минг 801 та оромгоҳда 402 минг 399 нафар бола дам олдирилди.
“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида жами 306 минг 549 нафар ходим ҳамда улар оила аъзоларининг саёҳатлари ташкил этилди. Ушбу мақсадлар учун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 63 млрд. 171 млн. 800 минг сўм сарфланди.
Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Касаба сайр” шўъба корхонаси томонидан 5 минг 502 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар амалга оширилди.
Еттинчи устувор йўналиш – Халқаро ташкилотлар, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари билан алоқаларни ривожлантириш борасида Федерация мутахассисларининг бевосита ва фаол иштирокида “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури”ни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ҳамда уч томонлама ижтимоий шериклар билан келишилган ҳолда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси томонидан тасдиқланди.
2023 йилдаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди. Федерация делегацияси Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг 5-конгрессида қатнашди.
Федерациянинг Малака ошириш институтида “Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат қонунчилигини ривожлантириш тенденциялари” мавзуидаги халқаро семинар ўтказилди.
2022 йил давомида Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Европа иттифоқи Комиссияси, Халқаро молия корпорацияси каби нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари билан 15 га яқин учрашувлар ташкил қилинди.
2022 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси-Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши раиси Қ.М.Рафиков раислигида Кенгашнинг 2-мажлиси ўтказилиб, унда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси Кенгаш аъзолигига қабул қилинди. Кенгаш мажлисини доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувлари бўлиб ўтди
Саккизинчи устувор йўналиш – Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари Федерациясининг комплекс интеграллашган ахборот тизими маълумотлар базасига 520 мингдан зиёд юридик шахслар, 33 мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотлари паспорти ва уларнинг статистик маълумотлари, 49 та бирлашган касаба уюшмалари қўмиталари, 11 мингдан зиёд цех ташкилотлари, 1 минг 932 та жамоа шартномаи, Бош келишув, ҳудудий келишувлар, тармоқ келишувлари, 500 га яқин норматив ҳужжатлар, тизимдаги санаторийлар, 212 та болалар оромгоҳи тўғрисидаги маълумотномалар юкланди.
Тўққизинчи устувор йўналиш – Жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ахборот ишларини тубдан яхшилаш, бу орқали фаолиятнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида Республика нашрларида касаба уюшмалари фаолиятини ёритувчи 1500 га яқин таҳлилий мақола ва хабарлар, суҳбат ва лавҳалар, интервью ва долзарб савол-жавоблар чоп этилди.
Хорижий касаба уюшма нашрлари, хусусан, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси халқаро бирлашмаси нашри бўлган “Профсоюзы” ойлик халқаро ахборот-таҳлилий журнали, “Вестник профсоюзов” журнали, “Информ-контакт” халқаро ахборот таҳлилий нашрида Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида 90 га яқин таҳлилий мақола ва хабарлар чоп этилишига эришилди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг, нодавлат телеканалларининг информацион ва таҳлилий дастурлари, радиоканаллардаги ахборот таҳлилий дастурлар ва эшиттиришлар орқали касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишларига оид 300 дан ортиқ телелавҳалар, суҳбат ва интервьюлар намойиш этилди, хабар ва эшиттиришлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар эфирга берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” телеканалида “Касаба уюшмаси билан бир кун” янги лойиҳаси амалга киритилиб, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти тўғрисида дастлабки кўрсатув тайёрланди ва 11 ноябрь куни намойиш этилди
Федерациянинг веб-Порталида касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардор қилувчи 301 та ўзбек тилидаги, 173 та рус тилидаги материаллар жойлаштирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2023 йил учун таклиф этилаётган устувор йўналишлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан киритилган ва асосланган ҳар бир таклифни қатъий ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари томонидан тегишли ижтимоий шериклар билан тармоқ келишувларини яна бир бор кўриб чиқиш, зарур ҳолларда янги келишувлар имзоланишини ташкиллаштириш, корхона, ташкилотлар ходимларини тўлиқ касаба уюшмаларига жалб қилиш, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда бошланган Ўзбекистон Республикасида “Норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш” лойиҳасини изчиллик билан давом эттириш, Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини тўлиқ таъминлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва спортнинг оммавийлигини оширишга, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасидаги ишларни изчил давом эттириш, халқаро фаолият соҳасидаги ишларни сифат жиҳатидан яхшилаш, айниқса Федерацияга аъзо тармоқ касаба уюшмалари томонидан хорижий давлатларнинг турдош касаба уюшмалари билан тузилган келишувлар, меморандумлар ижросига эътиборни кучайтириш, Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари Кенгаши доирасида кўп томонлама ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, бунда ўзаро манфаатли аниқ тадбирларга алоҳида эътибор қаратиш, касаба уюшмалари фаолиятининг барча жабҳаларини рақамлаштириш, автоматлаштириш ҳамда онлайн платформага ўтказиш ишларини изчиллик билан давом эттириш лозимлиги қайд этилди.
Бош кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссияси раиси Баҳодир Умурзоқов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси бошлиғи-Федерация раисининг ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Хайдар Фозилов, Молия бўлими мудири Жўрабек Хамзаев, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Хусан Эрматов, Федерациянинг “Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси” унитар корхонаси бошлиғи Баҳодир Тожиев сўзга чиқиб, тегишли йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳусусида ҳисобот бердилар.
Мажлисда Ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтириш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириб бориш борасида касаба уюшмалари фаоллигини ошириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ходимлар манфаатини ўйлаган ҳолда кўриб чиқиш ҳамда киритилган таклифларни қатъият билан ҳимоя қилиш, асосий эътиборни корхона, ташкилотларда ходимлар учун муносиб иш ҳақи тўланиши, хаёти ва саломатлиги муҳофаза қилинадиган меҳнат шароитлари яратилишига қаратиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида белгиланган тизимли вазифалардан келиб чиқадиган муддатли ва манзилли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бош кенгаш мажлисида кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари