[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.02.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва ундаги Жамоа шартномасига ҳаволалар” мавзуидаги ўқув-семинар ўтказилди. Унда мутахассисларга Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нормалари мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот ва тушунтиришлар  берилди.

Маълумки, иш жараёнида ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг меҳнат қилиш, касб танлаш, адолатли ва хавфсиз шароитларда ишлаш ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқлари жуда муҳим. Шу маънода Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига асосан бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанати таъминланади, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ этиш енгиллашади, шунингдек, мазкур соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш имконияти пайдо бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат – янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ижтимоий шерикликка алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, кўп масалаларнинг ижтимоий шериклик асосида ҳал этилиши  бўлгилаб қўйилмоқда. Масалан, амалдаги кодексда кўпгина тартиб ва қоидалар Ҳукумат ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан якка тартибда белгилаб қўйилиши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги кодексда бундай масалалар Ҳукумат ёки тегишли вазирлик томонидан фақат Ҳукумат, иш берувчилар бирлашмаси ва касаба уюшмалари бирлашмаси вакилларидан иборат бўлган Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда белгилаб берилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Янги ҳужжатда ходим ва иш берувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди. Масалан, ходим меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган иш жойига эга бўлиш, иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим касблардаги ва тоифалардаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар 13 ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган дам олиш каби қатор ҳуқуқларга эга.

Тадбирда таъкидланганидек, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида янги нормалар жуда кўп. Семинар иштирокчиларига ана шу янги нормаларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди.

Айтиб ўтиш жоизки, айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг худудий кенгашлари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари томонидан меҳнат жамоаларида янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу орқали иш берувчилар вакиллари ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсад қилинган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати