[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.02.2023. Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида барча тиббиёт ходимлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилиши белгилаб қўйилган. Аммо фармон ижросига панжа остидан қараш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат техник инспектори Иброҳим Бердиев Газли шаҳар шифохонасида олиб борилган ўрганишлар жараёнида худди шундай ҳолатни аниқлади. Гап шундаки, шифохона маъмурияти томонидан Меҳнат кодексининг 214-моддаси ҳамда «Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом» талаблари қўпол равишда бузилиб, 36 нафар ходим ўз маблағи ҳисобига тиббий кўрикдан ўтказилган.

Буни қарангки, тиббий кўрик учун вилоят молия бўлимидан туман молия бўлимига маблағ йўналтирилган бўлса-да, муассаса учун бундай маблағ ажратилмаган. Чиқимдор ходимларга пулларини қайтариш юзасидан талаб қўйилгач, Ромитан тумани молия бўлимидан ушбу мақсад учун олти миллион сўм маблағ ажратилишига эришилди. Бироқ шунга қарамай, ходимларнинг харажатлари қайтарилмади. Шу сабабли, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судига Газли шаҳар шифохонасига нисбатан ходимлар манфаатини ҳимоя қилган ҳолда даъво аризаси киритилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъво талаби қаноатлантирилиб, 36 нафар тиббиёт ходимига харажатларни ундириб бериш бўйича қарор чиқарилди. Натижада, туман молия бўлимидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиши учун олти миллион сўм ва 36 нафар ходимга 1 миллион 360 минг сўм миқдорида сарфланган тўловлар қайтариб берилишига эришилди.

Дилдора Иброҳимова