07.02.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши Ёшлар бирлашмаси Жамоа шартномалари орқали ёшларга берилаётган қўшимча имтиёз ва кафолатлари юзасидан мониторинг олиб бориши билан бирга касаба уюшма аъзоси бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Илғор, иқтидорли ва ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган ёш мутахассислар, талабалар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун Касаба уюшмалари стипендиясини таъсис этиш ишлари шулар жумласидандир.
Жумладан, 2022 йилда жамоат ишларида ва ўқиш жараёнида фаол қатнашгани учун Муҳаммад Аль-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалининг Телекоммуникация технологиялари факультети 2-босқич талабаси Оллаберган Ибодуллаев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Чинобод” санаторийсида соғлигини тиклаши учун бепул йўлланма билан таъминланди. Тошкент Тиббиёт академияси Урганч филиалининг Педиатрия факультети 5-босқич талабаси Шаҳбоз Ихтиёровга эса 6 ой давомида энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида Касаба уюшмаси стипендияси берилди.
– 2023 йилда ҳам мазкур йўналишлардаги ишлар давом эттирилмоқда, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исмоилов. – Хусусан, Урганч Давлат университетининг Техника факультети 2-босқич талабаси Зумрад Юсупова касаба уюшмалари стипендиати бўлди. Бундан ташқари, Урганч туманидаги 9-сонли умумтаълим мактаби психологи Шоира Қаландарова касаба уюшмалари тизимидаги “Оқтош” санаторисига бепул йўлланма билан таъминланди. Хоразм ёшлари бу каби эътибордан мамнун.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, вилоят касаба уюшмалари томонидан анъанавий равишда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ҳам ташкил этиб келинмоқда. Бундай учрашув ва очиқ мулоқотларда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш ходимларга ижтимоий-меҳнат муносабатлари, меҳнат ҳуқуқлари, касаба уюшмалари фаолияти тўғрисидаги батафсил маълумот ва тушунтиришлар берилмоқда. Мулоқотлар жараёнида ёш касаба уюшма аъзолари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олмоқдалар.
Бундан ташқари касаба уюшмалари томонидан касаба уюшма аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар йили спартакиада мусобақалари ўтказилиши анъанага айланган. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда соғломлаштириш хоналари ташкил этилиб, Ишлаб чиқариш гимнастикалари йўлга қўйилмоқда.
Мазкур йўналишлардаги ишлардан кўзланган мақсад – ёшларнинг меҳнат жамоаларида ва жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялашдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати