14.02.2023. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашига Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасида ишловчи дезинфекторлар Л.Кличбаева ва С.Копжурсинова номидан мурожаат келиб тушди.
Мазкур мурожаатда улар Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасида дезинфектор лавозимида ишлаб келаётгани, иш ҳақлари тариф ставкасига қўшиб берилиши лозим бўлган 15 фоизлик қўшимча тўлов тўланмаётганини билдириб, ишлаган даврлари учун 15 фоизлик қўшимча тўловни ундириб бериш бўйича касаба кюшмасидан амалий ёрдам сўраганлар.
Мазкур мурожаат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Меҳнат техник инспектори П.Абдиязов томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида Л.Кличбаевага 2015 йил ноябрдан то шу кунгача ишлаган даври учун 7 млн 809 минг 477 сўм, С.Копжурсиновага 2022 йил июнь ойидан бугунги кунгача ишлаган даври учун 1 млн 50 минг 73 сўм қайта ҳисобланиб, тўлаб берилиши зарурлиги аниқланди. Бу ҳақда касаба уюшмаси меҳнат техник инспектори томонидан Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасига ёзма кўрсатма берилди. Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасидан рад жавоби олингандан сўнг, Касаба уюшмаси Меҳнат техник инспектори П.Абдиязов томонидан ходимлар манфаати ҳимоя қилиниб, Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада, Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг очиқ суд мажлиси ҳал қилув қарорига асосан фуқаро Л.Кличбаевага ишлаган даври учун 7 млн 809 минг 477 сўм, С.Копжурсиновага ишлаган даври учун 1 млн 50 минг 73 сўм маблағ ундириб берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати