[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.02.2023. “Қизилқум фосфорит комплекси” Масъулияти чекланган жамияти экспедитори лавозимида ишлаган фуқаро Истам Идиев ҳамда мазкур ташкилотнинг навбатчи чилангари лавозимида ишлаган фуқаро Анвар Сафиуллин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгашига бугунги кунда уларга меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси белгиланиб, II гуруҳ ногиронлиги берилгани, “Олмалиқ кон металлургия комбинати” Акциянерлик жамияти томонидан уларга ҳар ой  тўланадиган ойма-ой зарар тўловлари 8 ойдан бери берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат йўлладилар. Уларнинг “Олмалиқ КМК” АЖдан ҳар ойда тўланиши лозим бўлган зарар пулларини ундириб бериш”да амалий ёрдам сўраб касаба уюшмаларига ёзган мурожаати Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Маҳбуба Қамбарова томонидан ўрганиб чиқилди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, “Қизилқум фосфорит комплекси” Масъулияти чекланган жамияти ходими Истам Идиев 2021 йилнинг 18 ноябрида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олиб, 70 % меҳнат қобилиятини йўқотганлиги боис И.Идиевга Навоий вилояти 52-сонли Навоий туман ТИЭК томонидан 2022 йил 24 май куни II-гуруҳ ногиронлиги, муддатсиз 70 % фоиз меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланган эди. Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судида касаба уюшмалари вакили тегишли хулоса билан мустақил эксперт сифатида иштирок этиб, суднинг 2022 йил 29 августдаги 2-2103-2201/2944-сонли ҳал қилув қарори билан “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятидан И.Идиев фойдасига бир йўла ва 2022 йилнинг июнь ойидан август ойига қадар ойма-ой тўланиши зарур бўлган зарар тўловлари учун 113 миллион 580 минг 267 сўм маблағ ундириб берилган.

Мазкур ташкилотнинг навбатчи чилангари Анвар Сафиуллин эса 2022 йил 8 январда содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олиб, 45 % меҳнат қобилиятини йўқотганлиги боис унга Навоий вилояти 49-сонли Конимех туман ТИЭК томонидан 2022 йил 1 июнь куни  II-гуруҳ ногиронлиги, 45 % фоиз меҳнатга лаёқатсизлик даражаси, қайта кўрикдан ўтиш муддати 2023 йил 10 май санаси этиб белгиланган 393-сонли Кўрик далолатномаси берилган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судида Касаба уюшмалари вакили тегишли хулоса билан мустақил эксперт сифатида иштирок этиб, суднинг 2022 йил 4 октябрдаги 2-2102-2202/1166-сонли ҳал қилув қарори билан “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖдан бир йўла зарар тўлови учун 93 миллион 792 минг 297 сўм маблағ А.Сафиуллин фойдасига ундириб берилган.

– Юқорида қайд этилган фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор ва Зарафшон туманлараро судларининг ҳал қилув қарорларида иккала жабрланувчига ойма-ой зарар тўловларини вақтидан кечиктирмасдан тўлаб бориш мажбурияти “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖга юклатилган, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Маҳбуба Қамбарова. – Аммо, амалга оширилган ўрганишлар жавомида ОКМК АЖ томонидан И.Идиевга 2022 йилнинг сентябрь-декабрь ойлари учун, А.Сафиуллинга эса 2022 йилнинг май-декабрь ойлари учун зарар тўловлари тўланмай келингани аниқланди.

Шундан сўнг зудлик билан Касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори томонидан “Олмалик кон металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси А.Хурсановга меҳнатда майибланганлиги учун II-гуруҳ ногиронлигини олган И.Идиев ва А.Сафиуллинга соғлигига етказилган зарар учун ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар пулларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича бажарилиши мажбурий ёзма кўрсатмалар киритилиб, ижроси назоратга олинди.

Натижада фуқаро И.Идиевга 2501-сонли электрон тўлов топшириқнома орқали 25 миллион 967 минг 648 сўм, А.Сафиуллинга эса 2500-сонли электрон тўлов  топшириқнома орқали 18 миллион 667 минг 334 сўм, жами ходимлар фойдасига 44 миллион 634 минг 982 сўм маблағ ундириб берилишига эришилди. 

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари