[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.02.2023. Бағдод тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари кечки сменада ишлаган бўлишларига қарамай, қўшимча иш ҳақи тўланмаётгани сабабли касаба уюшмаларига арз қилишди.

Касаба уюшма мутахассислари мазкур мурожаатни жойига бориб ўрганганда, чиндан ҳам ходимларнинг кечки сменада ишлаган вақтлари учун ҳақ тўланмай келинаётгани аён бўлди.

Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида 2022-2024 йилларга тузилган тармоқ келишувининг 4.15-бандида смена ёки навбатчилик асосида иш ташкил этиладиган соғлиқни сақлаш муассасаларида ходимларнинг навбатчилик вақтидаги соат 18:00 дан 22:00 гача бўлган вақт иш вақтининг кечки вақти ёки кечки смена сифатида белгиланиши ва бу вақтда ишнинг ҳар бир соати учун камида 1,25 баравар миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган.

Ушбу ҳолат иш берувчи билан музокара йўли орқали ҳал этилмагач, касаба уюшмаси ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси киритди. Натижада суднинг ҳал қилув қарорига кўра, кечки сменада ишлаган 11 нафар ходим фойдасига Бағдод тумани тиббиёт бирлашмасидан жами 12 миллион 79 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди.  Касаба уюшмаси ёрдами билан адолат қарор топди.

Зафаржон Қурбонов

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори