23.02.2023. Президентимиз ташаббуслари билан Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқий демократик давлат қуриш мақсадидаги саъй-ҳаракатлар корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини касаба уюшмалари орқали ҳимоя қилиши учун кенг имкониятлар яратди.
Бугунги кунда касаба уюшмаларига меҳнаткашлардан келаётган мурожаатларда иш берувчилар томонидан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини қонунга хилоф равишда бекор қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмасининг Навоий вилоят Кенгашига мурожаат қилган фуқаро Дилноза Норманова Кармана тумани санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида ишлаши, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан 2022 йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, иккинчи қисми, 4-бандига асосан бекор қилинганлиги, ушбу буйруқ қонун талабларига зид равишда чиқарилганлиги боис ишга тиклашда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
– Бизга мурожаат йўллаган Дилноза Норманованинг иш берувчи томонидан ишдан бўшатилиши ҳолати чуқур ўрганилди. Ўрганишлар давомида ҳақиқатдан ҳам ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг қонун талабларига зид равишда чиқарилгани маълум бўлди, – деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Навоий вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Завриддин Ҳалимов. – Шундан сўнг ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритиб, фуқаронинг ҳуқуқини тиклашга ва адолат қарор топишига эришдик.
Яъни, касаба уюшмаси ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиши натижасида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2023 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан Д.Норманова ўз ишига қайта тикланди ва мажбурий бекор юрган кунлари учун ходим фойдасига иш берувчидан 4 миллион 865 минг сўм иш ҳақи ҳамда 2 милион сўм маънавий зарар пуллари ундириб берилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари