09.03.2023. Қарийб бир асрлик тарихга эга Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси таркибида бугунги кунда 139 та бошланғич ташкилот бор. Аъзолар сони 82 минг 260 нафарга етган.
Айни пайтда касаба уюшмаси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви билан ҳамкорликда ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароити яратиш, муносиб ҳақ тўлаш, умуман, хизматчиларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаати йўлида қатор вазифаларни амалга ошириб келаётир.
Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, дейишади. Шу мақсадда Республика кенгашининг суғурта бўлими ўтган йили темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзоларига нафақат тизимдаги, балки республикамизнинг энг яхши санаторийларига 1 минг 668 та йўлланма ажратди.
Шунингдек, 2022 йилнинг ёз мавсумида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 6 минг 885 нафар бола мароқли ҳордиқ чиқарди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида ишлаётган ва яшовчи темирйўлчилар фарзандларини қамраб олиш учун «Қўнғирот» санаторий-профилакторийсида 500 нафар бола соғломлаштирилди.
Йил давомида турли маданий-маърифий ва оммавий спорт тадбирлари ташкил этиб борилди. Хусусан, турли байрам саналари муносабати билан фахрий темирйўлчиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, озиқ-овқат тўплами, пул мукофоти ва қимматбаҳо совға-саломлар тақдим этилди. Нафақа ёшига тўлганига қарамай, соҳада астойдил меҳнат қилаётган нуронийлар маҳаллий зиёратгоҳларга, республиканинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига бир неча маротаба юборилди. Касб байрами арафасида ишчи-ходимларга касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Аҳоли йўллаган мурожаат ва шикоятларни ўрганиб, жойида ҳал этишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Мана шу жабҳада ҳам темирйўлчилар ташаббусни қўлдан бермаётир. Ўтган вақт давомида касаба уюшмасига иш берувчилардан 791 нафар ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома келиб тушган. Республика кенгаши ушбу тақдимномаларни батафсил ўрганиб, шундан 429 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берган бўлса, 362 та тақдимномани қаноатлантиришни рад этган. Умуман олганда, йил мобайнида 23 минг 405 та мурожаат тегишлиги бўйича кўриб чиқилган. Ўрганишлар натижаси ўлароқ, яшаш шароити оғир, касалликка чалинган, молиявий жиҳатдан қийин аҳволда қолган 598 нафар темирйўлчига 827 миллион 200 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўз ваколати доирасидаги ишлар қатори давлат раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари ижроси йўлида ҳам жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Маҳалла ва оилани, айниқса, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва рўйхатга киритилган хотин-қизларнинг моддий ва маънавий ҳаётини яхшилаш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар шулар жумласидан.
Мухтасар айтганда, соҳа мутасаддилари Президент бошчилигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда иш олиб бормоқда.
Қутлимурат Собиров
Ўзбекистон темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси