18.03.2023. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш билан бирга, ёш ишчи-ходимлар ва талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ёш мутахассислар ўртасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам худди шу мақсадларга қаратилган.
“Наврўз” умумхалқ байрами арафасида мазкур беллашувнинг Республика босқичи ўтказилди.
Таъкидлаш зарурки, ҳудудларда “Заковат” интеллектуал ўйинининг 1-босқичи 25 январдан — 15 февралгача, 2-босқичи эса 20 февралдан – 3 мартгача ўтказилганди. Айнан мазкур беллашув орқали тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 1000 нафарга яқин ёш ишчи-ходимлар қамраб олинди. Республика босқичи аввалида иштирокчиларга “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман ва вилоят босқичлари жараёнларидан виделавҳалар намойиш этилди.
“Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика кенгаши ташкил этган “Заковат” интеллектуал ўйинининг Республика босқичида жами 8 та жамоа иштирок этди.
Мусобақани “Заковат” ўйини муаллифи Абдурасул Абдуллаев бошқарди. Республика босқичи беллашувлари 2 босқичда ўтказилиб, ҳар бир турда 12 тадан савол берилди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўрин Андижон вилоятидаги “Uz Auto Motors” Акциядорлик жамияти ишчи ёшлари жамоасига, 2-ўрин “Ўзметкомбинат” Акциядорлик жамияти ёшларидан иборат “Металлург” жамоасига, 1-ўрин эса “Хоразм Авто” жамоасига насиб этди.
Мусобақанинг барча иштирокчилари касаба уюшмалари дипломи ва махсус совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати