[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.03.2023. Янги йил арафасида Хонқа туманида «XORAZM TEX» кластери ташаббуси билан «KHOREZMTEX FESHION» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган эди. «Қишлоқ қурилиш банк» Хоразм вилояти ҳудудий филиалидан 375 минг доллар маблағ ва 432,1 минг доллар қийматида асбоб-ускуналар кредити ҳамда 15 фоиз ўз маблағлари ҳисобига 500 иш ўрни яратиш кўзда тутилди.

Бу каби корхоналарнинг фаолият кўрсатиши юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Фақат … масаланинг бир жиҳати борки, ҳамма иш берувчилар ҳам ходимлар манфаатини устувор санамайди. «Фалон сўм кредит олганман» дея ўз фойдасини устун қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Натижада ходимлар қулай бўлмаган шароитларда кам иш ҳақи ҳисобига ишлашга мажбур бўлишади. Бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун ходимларга касаба уюшмасининг кўмаги зарур.

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шавкат Сафарбоев вилоятнинг қайси ҳудудида янги корхона ташкил қилинса, ходимлар, фаол бошланғич ташкилотлар етакчилари билан бирга бориб, аъзолик афзалликлари ҳақида суҳбатлашади. Ишчи-хизматчиларни аъзоликка даъват қилади. Бу гал ҳам шундай бўлди. «KHOREZMTEX FESHION» МЧЖга келиб, янги иш бошлаган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

«Ҳар ойда ойлигимиздан бир фоиз тўлаймизми? Бир йилда 200 минг сўмдан ошаркан-у. Йўғ-е, керакмас». «Бу пулга бир сидра кийим олиш мумкин…». «Болаларимга ўқув қуроллари олиб бераман…». «200 минг сўмга гўшт олсам бир ҳафта еймиз», дея эътироз билдирганлар ҳам бўлди, албатта.

– Шундоқ ҳам ходимларимиз 12 фоиз солиқ тўлашади. Яна бир фоиз қўшилса жабр бўлмасмикан… Мен ходимларимга босим ўтказа олмайман… – бош чайқади иш берувчи.

– Ҳеч кимга ҳеч қанча жабр бўлмайди, – деди Шавкат ака. – Бир фоиз бадал пули эвазига қанча манфаатдор бўласиз. Санаторийда имтиёзли дам оласиз, фарзандларингизни ёзда оромгоҳларга юборасиз, бепул иш кийими билан таъминланасиз. Жамоа шартномасида ходимлар учун жуда кўп имтиёзлар борлигини айтмайсизми…

Ишчи-хизматчилар ўйлаб кўришга келишдилар.

Орадан бир ҳафта ўтиб Шавкат ака корхонага яна ташриф буюриб, ишчи-ходимларга касаба аъзолиги нима беришини яна ётиғи билан тушунтирди.

– Меҳнат таътили Меҳнат кодексида 15 кун қилиб белгиланган. Жамоа шартномасига кўра, ходимга қўшимча таътил берилиши мумкин. Мана шу қўшимча таътилнинг ўзидаёқ бадал пулларингизни қайтариб оласиз. Касаба уюшмаси бор ташкилотда меҳнат қонунчилигига риоя қилиш юзасидан жамоат назоратини йўлга қўйиш имкони бўлади.

Тарғибот тадбирларидан сўнг ишчи-ходимлар касаба уюшмаси атрофида бирлашишни англаб етишди. Гулсара Рўзимова бош ланғич касаба уюшма қўмитаси раиси этиб сайланди. Жамоа шартномаси имзоланди. Корхона таъсисчиси Машраб Саидов, директор Темур Розумов жамоа шартномаси шартларини пешма-пеш бажаришга киришдилар. Бугунги кунда корхонада 4 та автобус ходимларнинг бепул ишга келиб кетишини таъминламоқда. Ходимларга бепул иш кийимлари берилди. Бепул тушлик ташкил қилинди ва бирламчи тиббий хизмат йўлга қўйилди.

– Ойига 50 тонна маҳсулот ишлаб чиқариб сотиш ва ундан 150 минг АҚШ доллари миқдорида даромад топишни режалаштирганмиз, – дейди корхона директори Темур Розумов. – Албатта, бу мақсадларга ходимларимиз билан баҳамжиҳат эришамиз. Ҳар бир ишловчи корхонамизни ўз уйидек қабул қилишини истаймиз. Бунинг учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Касаба уюшмалари билан ҳамкорлигимиз эса хайрли бўлмоқда. Биринчи чоракда маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича хориж корхоналари билан жами шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик ва буюртмаларни қабул қилдик. Келгусида экспорт ҳажмини янада кўпайтириб, сифатли маҳсулотларимиз билан Европа давлатларининг рақобатдош вакиллари қаторида жаҳон бозорида ўз ўрнимизга эга бўлишни белгилашни мақсад қилганмиз.

Корхона бош технологи Шоҳида Арзиқулова ўз касбининг устаси. Янги ғояларни татбиқ қилишдан чарчамайди. Ишлаш истагидаги қизлар унинг бошчилигида шу ерда бир ҳафта бепул ўқитилади. Тикишни ўрганганлар ишга қабул қилинади.

– Касаба уюшма таклифи билан тикишни яхши ўрганолмаганларга яна бир имкон бериб кўряпмиз, – дейди бош технолог. – Улар чаққон қизларга шогирдликка ёлланаётир. Натижада иш сўраб келганларнинг кўпчилиги ишга қабул қилиняпти. Январь ойида ходимларимиз сони 160 нафар эди. Ҳозир 260 дан ошди.

Бош технолог иш сифатини яхшилаш мақсадида ҳар ойда «Энг яхши бичувчи», «Энг яхши тикувчи» каби танловлар ўтказишни таклиф қилди. Касаба уюшмаси бу таклифни қўллаб-қувватлади. Илғорлар касаба уюшмаси ҳисобидан рағбатлантириладиган бўлди.

Уюшмага жалб қилинганига бир ҳафта ўтмасидан корхонанинг икки нафар ходими касаба уюшма кўмагида Тошкент шаҳрида саёҳатда бўлиб қайтди.

Наврўз байрами арафасида иш берувчи томонидан ходимлар учун байрам дастурхони ёзилди. Темурбекнинг ўзи елиб-югуриб хизматда турди. Масъул ташкилотчи корхонага қучоқ-қучоқ гуллар билан кириб борди. Самарали ҳамкорлик ва ходимларга бўлган эътибор учун иш берувчига касаба уюшмаларининг ташаккурномаси тақдим этилди.

Янги корхонада касаба уюшмаси ва иш берувчи ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланмоқда. Бундан эса ходимлар фақат ва фақат манфаатдор бўлишяпти.

Муҳаббат Тўрабоева