03.04.2023. Икки минг нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бораётган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Наманган ҳудудий филиали меҳнат жамоасида жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилишига бағишланган ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўз олган корхона директори Адҳам Қорабоев жамоа шартномасида белгилаб қўйилган бандлар бўйича ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Конференцияда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам Дедамирзаев ҳисобот даврига қадар жамоа шартномасида акс эттирилган барча бандлар бўйича ходимлар манфаатини кўзлаб амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидландики, касаба уюшмаси маблағлари эвазига 86 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда соғломлаштирилган. Йил якуни бўйича жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходимга 21 миллион сўмдан зиёд турли шаклдаги ёрдамлар кўрсатилган.
Муҳокама асноси электр тармоқлари тизимида ишловчилар хавфли меҳнат шароитида фаолият юритиши, уларнинг меҳнат муҳофазасига вазиятдан келиб чиққан ҳолда эътибор қаратилиши, ишчи-ходимлар махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари билан тўла таъминланиши, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида бир қанча фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилиш сўнгида касаба уюшма қўмитаси фаолиятига ижобий баҳо берилиб, 20232025 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси юзасидан бир қанча таклифлар ўртага ташланди.
Орзугул Рустамова