11.04.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши томонидан ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнаткашларнинг ҳар бир мурожаати чуқур ўрганилиб, қонун доирасида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Рақамларга мурожаат этсак, жорий йилнинг биринчи чораги давомида кенгашга 90 та турли шаклдаги мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчаси тегишлилиги бўйича қонуний ўрганилди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўриш касаба уюшмаларининг муҳим вазифаларидан биридир, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши бош юристконсульти Авазхон Тураходжаев. – Шу боис ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясини кўзлаб иш берувчиларга қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 22 та тақдимнома ва фуқаролик ишлари бўйича судларга 49 та даъво аризаси киритилди. Натижада ишчи-ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиб, ишдан ноқонуний бўшатилган ходимларнинг мажбурий прогул кунлари ва етказилган маънавий зарар бўйича 2 миллиард 748 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Шоҳсултон Тўхтаматов