19.04.2023. Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Фарғона вилоят бошқармаси дори-дармон омбори мудири Жаҳонгир Мирзакаримов хизмат сафари чоғида автоҳалокатга учраб, иккала оёғи синади. Ҳодисадан сўнг шифохонада унинг чап оёғи ампутация қилинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ТМЕКнинг хулосасига кўра, Жаҳонгир Мирзакаримовга меҳнат қобилиятини 70 фоизга йўқотганлиги сабабли II гуруҳ ногиронлиги тайинланади.
– Бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномасида Жаҳонгир Мирзакаримовга зарар тўловларини амалга ошириш кўрсатиб ўтилган бўлса-да, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси бахтсиз ҳодисага учраган жабрланувчига суғурта тўловлари тўлашни турли важлар билан кечиктириб келади, – деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори Равшанжон Фозилов. – Ваҳоланки, бу ҳолатда суғурта компанияси Ж.Мирзакаримовга бир марталик ва ойма-ой тўланадиган нафақаларни тўлаши лозим эди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори томонидан суғурта компанияси ва бошқарма масъуллари билан олиб борилган музокаралар жараёнида уларга Меҳнат кодексининг “Иш берувчининг ходим соғлиғига етказилган зарарни тўлаш мажбурияти тўғрисида”ги 189-моддаси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 177-сонли Қарори талаблари тушунтирилди.
Икки ой давом этган тушунтиришлардан сўнг Касаба уюшмаси меҳнат инспектори саъй-ҳаракатлари сабабли Ж.Мирзакаримовга суғурта компаниясидан жами 250 млн. 317 минг 758 сўм товон пули ундириб берилишига эришилди.
Агар бу ҳолатга касаба уюшмаларининг меҳнат инспектори аралашмаганида, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси жабр кўрган ходимга товон пулини тўламасдан вазиятдан осонгина чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бахтсиз ҳодиса натижасида ногирон бўлиб қолган жабрланувчи эса “кўргилик экан-да” деб қўя қоларди. Касаба уюшмалари бу ҳолатни ўз назоратига олди ва жабр кўрган ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати