22.05.2023. Ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларга қўшимча тарзда кафолат ва компенсация бериш учун ҳар бир корхона ташкилотда Жамоа шартномаси тузилади.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимлари Касаба уюшмаси Кенгаши бу борада анча илғор, масъуллар шартномага янгиликлар ва ўзгартиришлар киритиб уни янада такомиллаштирмоқда. Бунинг барчаси комбинат меҳнаткашлари бугунги кунидан рози бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун амалга оширилаётган ишлар десак муболаға бўлмайди.
Сўзимизни исботи сифатида эса жорий йилнинг 19 май куни Жамоа шартномасининг 2022 йилда амалга оширилган тадбирларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган лойиҳасини маъқуллашга бағишланган конференцияда келтириб ўтилган рақамлардан англашимиз мумкин.
Тадбирда ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаев, комбинат ходимлари касаба уюшмаси раиси ва маъсуллари хамда корхона ташкилотлардан сайланган 100 нафар делегатлар zoom платформаси орқали иштирок этишди.
Тадбир аввалида 2022 йилда жамоа шартномасида иш берувчи томонидан кўрсатилган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан Адбулла Хурсановнинг маърузаси тингланди. Қайд этилишича, комбинат ишчилари давом этаётган жаҳон инқирози ва мураккаб шароитларга қарамай, барча прогноз ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг бажарилишини тўлиқ таъминламоқдалар. Бундан ташқари, амалга оширилаётган ишлар, инвестиция лойиҳаллари, янги барпо этилаётган корхоналар, ҳамда келажакдаги истиқболли режалар ҳақида сўз борди.
Комбинатнинг аввалги жамоа шартномаси 16 бўлим 186 та банддан иборат бўлган хозиргиси эса 18 бўлим ва 230 та бандни ўз ичига олган. Яъни, кўшимча меҳнат таътиллари, мукофот пулари миқдорининг оширилиши, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ишни таълим билан бирга олиб борувчи ходимларга кафолатлар ва компенсациялар каби бандларни қамраб олган.
Конференцияда сўз олган ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров ўз ҳисоботида Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун комбинат бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга ижтимоий пакетга 2021 йил давомида 14,2 млн.сўм, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 15,2 млн сўмни ташкил этганлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, шартномада устувор йўналишларидан бири – бу меҳнатни муҳофаза қилиш эканлигини билдирди ҳамда ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳоли бўлган, бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан касаба уюшмаларининг доимий жамоатчилик назоратини ташкил қилиш ва фаолларининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билим, кўникмаларини янада оширишга қаратилган тизимли ишлар бажарилганини таъкидлади.
Йиғилиш давомида делегатлар , ўз корхоналарида 2022 йилда жамоа шартномасининг ҳар бир банди бўйича амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини ўқиб эшиттирдилар.
Конференция якунида эса тингланган маърузалар инобатга олиниб, комбинатда жамоа шартномасининг бажарилиши қониқарли деб топилди. 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси лойиҳаси бир овоздан маъқулниб, тегишли қарор қабул қилинди.
Феруза Базарова
“Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси раисининг иктисодий масалалар бўйича маслахатчиси