31.05.2023. Тошкентда бўлиб ўтган “Тўқимачилик ҳафталиги” доирасида “Тўқимачилик саноатида ижтимоий тадбиркорлик” мавзуидаги форум ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Ўзбекистондаги уч томонлама ижтимоий шериклар – Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаев, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев ҳамда Иш берувчилар Конфедерацияси раиси Илҳом Ҳайдаров, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, йирик халқаро компаниялар, хорижий давлатларнинг иш берувчилар конфедерациялари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум давомида тўқимачилик саноати корхоналарининг ижтимоий масъулияти, хусусан, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришнинг экологик барқарорлигини таъминлаш каби масалалар хусусида сўз борди.
Форум иштирокчилари тўқимачилик саноатида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш масаласининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга иқтисодиётнинг ушбу тармоғини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кучли сиёсий иродаси туфайли мамлакатда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида соҳанинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик тобора ривож топиб бормоқда.
Форум доирасида ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, бизнеснинг ижтимоий масъулияти ва атроф-муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш, тўқимачилик саноатида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг мамлакат иқтисодий ўсиши ва барқарор ривожланишига таъсири масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро Молия Корпорациясининг тикувчилик саноатида муносиб меҳнат стандартлари ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Better work” қўшма дастурини Ўзбекистонда тадбиқ этиш бўйича лойиҳага старт берилди. Шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, «Better Cotton Initiative» дастурлари вакили Рэйчел Беккет ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И.Ҳайдаров ўртасида “Better Cotton” ҳамда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ўртасида 2023-2024 йилларда Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар режаси” яъни, йўл харитаси имзоланди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “Better work” ҳамда «Better Cotton Initiative» қўшма дастурининг Ўзбекистонда амалга оширилиши тикув-тўқимачилик саноатига замонавий, энергия тежовчи технологияларни кенг тадбиқ этиш, ишлаб чиқаришнинг экологияга таъсирини камайтириш билан бирга, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон пахта тўқимачилик саноатида инвестицион муҳитни яхшилаш, соҳага дунё тўқимачилик саноатида тан олинган брендларнинг кириб келиши ва энг асосийси кўплаб янги иш ўринлари яратилишига имкон яратади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати