[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.06.2023. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.

Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Шу боис ҳам мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам болажон юрт ва бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда бу йил янада ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланди.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида байрам тадбирлари ташкил этилиб, Меҳрибонлик уйлари ва “Оилавий болалар уйлари” тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва Ички ишлар идоралари ходимлари фарзандлари, чин етим ва эҳтиёжманд оилалар ўғил-қизларининг кўнгиллари кўтарилди.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамкорлигида ташкил этилган тантанали тадбирга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари, “Оилавий болалар уйлари” ҳамда SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари Тошкент филиалида тарбияланаётган 500 нафардан ортиқ болажонлар таклиф этилди.

Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар ҳарбий оркестр ижросидаги куйлар садоси остида кутиб олинди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан эртак қаҳрамонлари ва цирк артислари эса болажонлар қувончига янада қувонч қўшдилар.

Шундан сўнг болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар санъат маркази томонидан махсус саҳналаштирилган “Синдбаднинг янги саргузаштлари” мусиқали эртак спектакли намойиш этилди. Ушбу эртак орқали болажонлар катталар эъзозланиб, кичиклар иззатланган, эзгуликларни амалга ошириш асосий мақсад бўлган, баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган юртдагина инсон ўзини чинакамига бахтли ҳис қилиши мумкинлигини ҳис этдилар. Шунингдек, эртак орқали меҳр-мурувватли бўлиш ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш энг олий фазилатлардан бири эканлиги, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси, олий мақсад йўлида доимо олға интилиш ва ўзаро ишончни оқлаш зарурлиги тараннум этилди.

Спектаклдан сўнг болажонлар байрам дастурхонига таклиф этилиб, маданий тадбирда ҳам иштирок этдилар.

Навбатдаги манзил “Хумо арена” муз саройи бўлди. Ушбу маскан бўйлаб ташкил этилган саёҳат давомида Миллий гвардия фахрий қоровул қўшинларининг кўргазмали чиқишлари, эстрада юлдузлари ижросидаги куй ва қўшиқлар ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди.

Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларидан яна бири – “Адиблар ҳиёбони”да эса болажонларни Миллий гвардия ҳарбий оркестри ва отлиқ аскарлари тантанали кутиб олдилар. Ҳиёбон бўйлаб ташкил этилган саёҳат давомида эртамиз эгаларига мазкур масканнинг ташкил этилиш тарихи, жамият ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати