14.08.2023. Барчиной Юсупова 2011 йилдан буён Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлар эди. 2020 йилда ҳомиладорлик ва туғуруқ таътилига чиқди. Фарзанди икки ёшга тўлгач, ишга қайтаман деса, унга иш ўрни қисқарганини айтишди.
Барчиной нима қилишини билмай Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгашига арз қилди.
Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси маъмурияти 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Меҳнат кодексининг 237-моддаси талабларига риоя қилмаган. Иш берувчи номига арзгўй манфаатлари кўзланган ҳолда кўрсатма киритилди. Унда Б.Юсупова Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада асосий иш ўрнида фаолиятини давом эттириш чораларини кўриш қайд этилган эди.
Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси кўрсатма хат асосида шу йил 1 майдан Б.Юсуповани мазкур лавозимга ишга тиклади.
– Ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қиладиган касаба уюшмаларидан ниҳоятда миннатдорман, – дейди Барчиной.
Расулбек Аллаберганов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори