[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.08.2023. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши ҳамда “Заковат интеллектуал клуби” Нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан ҳамда вилоят Кенгашининг “Ёш ходимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган идоравий чора-тадбирлар дастури”нинг ижросини таъминлаш мақсадида  вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 35 ёшгача бўлган ёш ишчи-ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Тадбирни вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Нормурод Исоқов очиб берди ва барча иштирокчиларга омад тилади.

Ушбу ўйинни ташкил этишдан мақсад корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш ҳодимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий билимларини ва нутқий маданиятини оширишдан иборатдир.

Унда тармоқ касаба уюшмаларидан 10 та жамоа таркибида жами  60 нафарга яқин сараланган ёшлар иштирок этди.  Улар ўйин давомида тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, мантиқий, шунингдек, соҳага оид бўлган саволларга белгиланган вақтда, уюшган ҳолда жавоб бериб, ўзаро куч синашди.

Дарҳақиқат, “Заковат” интеллектуал ўйини барча ёшлар учун қизиқарли ва ақлни чархлаш учун хизмат қиладиган ажойиб ўйинлардан биридир. Умуман олганда заковат сўзининг туб маъноси ҳам шундан далолат беради.

– Бугун жамоамиз 1-ўринни эгаллади, – дейди “Устозлар” жамоаси сардори, тарих фани ўқитувчиси Зоир Раҳмонов. – “Заковат” интеллектуал ўйинлари биз ёшларнинг истеъдодини чархламоқда. Бу каби тадбирлар биз ёшларни  руҳлантириб, иш фаолиятимиз янада унумли бўлишига хизмат қилиши шубхасиз.

– Ҳозирда корхонамизда саккиз минг етти юз саксон нафар ходим меҳнат қилади. Шундан икки минг бир юз ўттиз нафарини ёшлар ташкил этади, – дейди 2-ўринни эгаллаган “Навоийазот” АЖ жамоаси сардори Алишер Ашуров.  Уларга ўз вазифасидан ортган ҳолда, интеллектуал салоҳиятларини ошириш, маънавиятини юксалтириш имконини бериш мақсадида кутубхона хизмати ҳам ташкил қилинган. Ҳар бир ходим бўш вақтида китоб мутоаласи билан шуғулланиши, интернет хизматидан фойдаланиши учун етарли шароитлар яратилган. Корхонамиз касаба уюшмасининг биз – ходимларни қўллаб-қувватлашидан мамнунмиз.

Тадбирда энг зукко деб топилган – “Устозлар”  жамоаси 1-ўринни, “Навоийазот” АЖ жамоаси 2-ўринни ҳамда “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб бўлган жамоалар иштирокчиларининг ҳар бирига  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Дилафрўз Ўразова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси