28.09.2023. Ижтимоий тармоқлардан бирида Республика суд-тиббий экспертиза илмий амалий маркази Тошкент вилояти филиалида меҳнат қонунчилиги бузилиши холатлари бўйича берилган “Toshkent viloyti sud tibbiyt ekspertizasidagi qat’iy tartib Mehnat kodeksiga to’gri keladimi?” сарлавҳали пост юзасидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Тошкент вилояти камбағаликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ва Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилояти филиали ходимларини филиал ҳудудини ободонлаштириш ишларига жалб этиш яъни мажбурий меҳнат буйича қонунбузарлик юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли қарорига зид равишда филиал ходимлари мажбурий тартибда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатга йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 51-моддаси 1-қисмига асосан баъзавий хисоблаш миқдорининг 50 (эллик) баробари, яъни 16 500 000 (ўн олти миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги маъмурий таъсир чораси қўлланилди.
Мукофот пуллари берилмаслиги масаласи бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида маълум бўлдики, филиалда тегишли ҳужжатларга мувофиқ рейтинг баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган ва ходимлар белгиланган тартибда рағбатлантириб борилмоқда. Яъни, Махсус комиссия гуруҳига бўлим, бўлинма мудирлари томонидан тақдим этилган тегишли кўрсаткич ва маълумотларни жамлаб, мезон талаблари бўйича таҳлил қилиниб, натижага кўра барча кўрсаткичлар бўйича аниқланган устамалар ходимларга 2023 йилнинг 2-чорак якуни бўйича тўлаб берилган. Шу билан биргаликда, ҳар ойда ушбу мезоннинг барча кўрсаткичлари таҳлил қилиб борилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 16 январда 3416-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Низомнинг 3-боб, 9-банди, 4-хатбошисида белгиланган “Жамғарма маблағлари ҳисобидан, тиббиёт муассасаларининг барча ходимларига касбий ва бошқа байрамлар муносабати билан бериладиган мукофот пуллари ва моддий ёрдам пуллари учун шахсий ғазна варағида мавжуд бўлган маблағларнинг 10 фоиз қисми”га риоя қилган ҳолда моддий ёрдам пуллари бериб келинган. Филиалда фаолият юритувчи хотин-қизларга 8 март “Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан мукофот пуллари тўлаб берилган.
Филиалда ходимларнинг шахсий мобиль алоқа воситаларидан фойдаланишини тақиқлаш масаласи бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида Филиал директорининг 2021 йил 1 июлдаги 47И-сонли буйруғига асосан ҳар бир ходим иш вақти охиригача мобиль алоқа воситаларини бўлимдаги махсус қутиларда қолдириши тўғрисида топшириқ берилгани аниқланди. Меҳнат кодексининг 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган таҳрирининг 174-моддасида корхонада меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшма қўмитаси билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланиши кўрсатиб ўтилган бўлса-да, ушбу буйруқ ўша вақтда мазкур модда талабларини бузган ҳолда касаба уюшма қўмитаси билан келишмасдан қабул қилинган.
Ходимларнинг иссиқ сувдан фойдаланишини тақиқлаш масаласи бўйича ўрганишлар шуни кўрсатдики, Филиал маъмурияти томонидан энерго ресурслари исрофгарчилигининг олдини олиш мақсадида ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган, лекин улардан фойдаланишга ҳеч қандай таъқиқ қўйилмаган.
2023 йилнинг 4 сентябридан Филиал ходимларини 5 кунлик иш ҳафтасидан 6 кунлик иш ҳафтасига ўтказилганлиги бўйича ўрганишлар натижасида қуйидагилар аниқланди:
Филиал директорининг 2023 йил 4 сентябрдаги 126К-сонли буйруғи расмийлаштирилган бўлиб, мазкур буйруқда Филиалда 5 сентябрь санасидан бошлаб 5 кунлик иш ҳафтасидан 6 кунлик иш ҳафтасига ўтилиши ва иш вақти соат 8.00 дан бошланиши белгиланган.
Лекин, Филиалнинг 2022 йил 16 майда касаба уюшма қўмитаси билан келишган холда тасдиқланган Ички меҳнат тартиб қоидаларининг 4.2-бандида маъмурият ва хўжалик ходимлари учун ҳар куни 8 соатдан 5 кунлик иш ҳафтаси, тиббиёт ходимлари учун ҳар куни 6 соатдан 5 кунлик иш ҳафтаси, туман ва шаҳарларда фаолият олиб борувчи барча тиббиёт ходимлари учун ҳар куни 5 соатдан 6 кунлик иш ҳафтасида ишлаш белгилаб қўйилган.
Мазкур буйруқ Меҳнат кодексининг 15- ва 296-моддалари талабларига зид равишда қабул қилинган, яъни, касаба уюшма қўмитаси билан тегишли тартибда келишилмасдан қабул қилинган.
Ўрганишлар жараёнида аниқланган меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида Филиал директорига Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг меҳнат техник инспектори томонидан Кўрсатма киритилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Жўрабек Исломбеков
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат техник инспектори