11.10.2023. XIX Осиё ўйинларида эришилган ёрқин ғалабаларда Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлиб, 45 та мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади.
Ватанимиз номини улуғлаб, уни дунёга танитишга ҳисса қўшган мамлакатимиз спорт делегацияси сафида Ўзбекистон касаба уюшмалари спортчилари ҳам борлиги, совриндорлар сафида экани, энг муҳими, уларнинг медаллар шодасини кўпайтиришга ҳисса қўшгани бизни янада фахрлантиради.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчилари XIX Осиё ўйинларида умумий ҳисобда иккита олтин, еттита кумуш, тўртта бронза медални қўлга киритишди.
Куни кеча мазкур мусобақада муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтарган бир гуруҳ спортчилар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб
олинди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди ва Президентимиз табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда қайд этилганидек, спортчиларимиз Ханчжоудаги мусобақада маҳорати, тажриба ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бу мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек спортининг ёрқин келажагини таъминлашга қодир спортчилар тарбияланаётгани, уларни келгусида янада юксак ғалабалар кутиб турганидан далолатдир.
Ғуломжон Мираҳмедов