[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

14.10.2023. Наиля Ягудина 1995 йилдан буён Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги бўлимида биринчи тоифали мутахассис вазифасида ишлаб келади. Фарғона вилояти Табиат ресурслари бошқармасининг 2023 йил 18 майдаги тегишли буйруғи билан нафақага чиқишига 4 ой қолган Н.Ягудина билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси, 2-қисми, 2-бандига асосан бекор қилинади. Наиля Ягудина билан бир қаторда яна бир гуруҳ ходимлар ишдан бўшатилади. Бундан норози бўлган ходимлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига қонуний меҳнат ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қиладилар.

Касаба уюшма мутахассислари томонидан тезкорлик билан ишчи-ходимларнинг қонуний  ҳуқуқларини тиклаш чораларини кўриш ишларига киришилди. Ўтказилган ўрганишлар жараёнида Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси касаба уюшма қўмитаси йиғилиши ишчи-ходимлар иштирокисиз ўтказилгани, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимнома ходимлар иштирокида муҳокама қилинмагани аниқланди. Натижада иш судгача етиб борди.

Фарғона вилоят судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати суд мажлисида Наиля Ягудина, Шахнозахон Давлатова, Шаҳодат Джурабоева, Иқболхон Қўзибоева ва Светлана Исроиловаларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланди.

Касаба уюшмалари кўмаги билан мурожаатимиз ижобий ҳал этилди, – деди Н.Ягудина. – Нафақа ёшига етай деганимда сарсон-саргардон бўлаётган эдим. Яхшиям касаба уюшмасига мурожаат қилганим, қисқа фурсат ичида мурожаатимизни қонун доирасида ўрганиб, ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилдилар. Бунинг учун соҳа ходимларига ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз.

Суд уларни ўз лавозимлари ва лавозимларига тенглаштирилган вазифаларга ишга тиклаш бўйича қарор қабул қилди. Шунингдек, мажбурий прогол кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар учун жами 100 млн. сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди. 

Шоҳсултон Тўхтаматов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси