16.10.2023. Ягудина Наиля 1995 йилдан буён Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги бўлимида биринчи тоифали мутахассис вазифасида ишлаб келар эди.
Аммо пенсияга чиқишига 4 ой қолганида Фарғона вилояти Табиат ресурслари бошқармасининг 2023 йил 18 майдаги тегишли буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 2-қисми 2-бандига асосан бекор қилинди. У билан бирга яна бир гуруҳ ҳамкасблари ҳам ишдан бўшатилди.
Бундан норози бўлган ишчи-ходимлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўраб, арз қилишди.
Кенгаш ҳуқуқшунослари томонидан мурожаат ўрганилганда, ташкилот касаба уюшмасининг йиғилиши ишчи-ходимлар иштирокисиз ўтказилгани, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимнома ходимлар иштирокида муҳокама қилинмагани аниқланди. Натижада иш судга оширилди.
Адолат қарор топиб, Наиля Ягудина, Шаҳнозахон Давлятова, Шаҳодат Жўрабоева, Иқболхон Қўзибоева ва Светлана Исроилованинг ҳуқуқлари тикланди. Суд уларни ўз лавозимлари ва лавозимларига тенглаштирилган вазифаларга ишга тиклаш бўйича қарор қабул қилди. Шунингдек, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар учун жами 100 миллион сўмдан зиёд пул маблағлари тўлаб бериладиган бўлди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг бевосита аралашуви ва амалий кўмаги билан мурожаатимиз ижобий ҳал этилди, – дейди Наиля Ягудина. – Бунинг учун соҳа ходимларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Шу иш асносида касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг ҳақиқий ҳимоячиси эканига яна бир бор амин бўлдик.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси