18.10.2023. «Атауба» овул фуқаролар йиғини Тўрткўл тумани марказидан анча олисда жойлашган. Овул одамлари жуда аҳил. Мен маҳалла фаолиман. Шу сабаб одамларнинг турмуши билан қизиқаман. Хотин-қизларнинг аҳволидан доимо хабардор бўлишга, уларнинг дарду ташвишларини эшитишга, имкон даражасида кўмак кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Айтиш жоизки, «Аёллар дафтари» ташкил этилгач, бу борадаги ишлар тизимли касб этди. Мана оддий мисол. 2022 йилда қишлоқда «Аёллар дафтари»га 42 нафар аёл-қиз киритилди. Шундан беш нафарига тикув машинаси ажратилди. 4 нафарига печ берилди. 6 нафари кредит олди. 18 нафарига кооперация бўйича қўй берилди. 7 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, 18 нафар аёл-қизимиз 35-болалар боғчасига доимий ишга жойлаштирилди.
Бундан аёллар жуда хурсанд бўлишди. Айниқса, оиласининг шодлигини айтмайсизми?! Овулда ҳунармандчиликка қизиқувчилар кўп. Салгина ёрдам бериб юборсангиз, иши ўнгланиб кетади. Лочин Дурдибоева ҳам шундай аёллар сирасига киради. Уни «Аёллар дафтари»га киритиб ишининг ривожига кўмаклашилди, натижада, ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиб, 20 нафар қизни ўқитди.
Абадон Ражапова туркман гиламларини яхшигина тўқишни билади. Бу аёлга ҳам субсидия асосида гилам тўқиш учун маблағ ажратилди. Ҳозир у 20 нафар қизга гилам тўқишни ўргатмоқда.
Гулширин Нурматова 15 миллион сўм кредит олиб, пишириқ цехи очди. Турли ўлчамдаги тортлар, ширинликлар пишириб тўйларга, туғилган кунларга буюртма олади. «Аёллар дафтари»даги битта қизни иш билан таъминлади.
Меҳрибон Қақаева 8 миллион сўмлик кредит олиб, «Атауба ниҳоллари» кичик корхонасини очиб, ниҳол етиштиришни йўлга қўйди. Моҳим Тоғановага эса субсидия асосида жўжа учун инкубатор олиб берилди. Дилором Жабборовага ҳам субсидия ҳисобидан тикув машинаси олиб берилди.
Унинг тиккан кўйлак ва нимчалари барчага манзур бўлмоқда. Овулнинг оқила аёллари Ўғилқурбон Матқиличева, Раъно Муҳаммадбердиева, Ўғилжон Холлиева, Ўғилгул Саидовалар нафақада бўлишларига қарамай, бир нафас ҳам тинч ўтиришмайди. Уларнинг меҳнати ёшларга ўрнак.
Хуллас, овулимизнинг танти, соддадил, меҳнаткаш инсонлари оддийликдан комиллик яратишяпти. Уларга бу жараёнда «Аёллар дафтари» кўмакчи бўлаётганини эса мамнунлик билан эътироф этишмоқда.
Гурбангул Ягмурова
Тўрткўл туманиидаги «Атауба» овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли