[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.10.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмаларининг чегараолди ҳамкорлиги бўйича минтақавий семинарда иштирок этди.

Семинар ишида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон миллий касаба уюшмалари марказлари вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Семинарда миграция жараёнларининг чегараолди ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига таъсири масаласи кўриб чиқилиб, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши (МОМКУК) доирасида чегараолди ҳамкорликнинг қўшма режаси бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё сектори (ACTRAV/МОТ) мудири Сергеюс Гловацкас семинар иштирокчиларини Халқаро меҳнат ташкилоти номидан қутлаб, ижтимоий-меҳнат соҳасида чегараолди ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

– Марказий Осиё минтақаси Буюк Ипак йўлидан бошлаб анъанавий равишда интеграциялашган минтақа бўлиб келган. Марказий Осиё давлатлари умумий тарих, маданият ва илдизларга эга, – деди жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё сектори (ACTRAV/МОТ) мудири Сергеюс Гловацкас. –Меҳнат мигрантларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларида чегараолди ҳамкорлик жуда муҳим бўлиб, бу масалада касаба уюшмалари алоҳида ўрин тутади.

Семинар давомида иштирокчилар эътиборига Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий-меҳнат соҳасида амалга оширилаётган ишларга оид тақдимотлар ҳавола этилди.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари-халқаро ишлар бўлими мудири Ёрқин Файзуллаев Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган тизимли ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Чегараолди ҳамкорлик мавзусини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгаши раиси Нусуратулла Пардаев давом эттириб, семинар иштирокчиларига Жиззах ва Туркистон касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси ҳақида маълумот берди.

Семинар иштирокчилари минтақа касаба уюшмалари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши доирасидаги ўзаро алоқалар улкан аҳамият касб этишини таъкидладилар.

– Қозоғистоннинг нефт-газга эга бўлган барча ҳудудлари Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош, шу боис Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши доирасида тегишли тармоқ касаба уюшмалари ўртасидаги чегараолди ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга, – деди Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Қозоғистон нефт-газ мажмуи тармоқ касаба уюшмаси раиси Султон Калиев.

Ўз навбатида, Туркистон вилояти касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмаси раиси ўринбосари Aйдар Бахтибоев икки йил аввал маъмурий ислоҳотлардан сўнг ташкил этилган янги касаба уюшма бирлашмаси Ўзбекистон касаба уюшмалари билан чегараолди ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётганини таъкидлади.

Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили, Талас вилоят касаба уюшмалари Кенгаши раиси Оқилбек Жақшимбеков ҳам ҳамкасблари эътиборини минтақа касаба уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш масаласига қаратди.

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси раҳбари, Суғд вилояти касаба уюшмалари Кенгаши раиси Шарифулло Aбдуллозода эса ўз мамлакатида Меҳнат кодексига мувофиқ касаба уюшмалари томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасида амалга оширилаётган жамоатчилик назорати тўғрисидаги малумотлар билан ўртоқлашди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё сектори (ACTRAV/МОТ) мудири Сергеюс Гловацкас Халқаро меҳнат ташкилотининг миллий ва минтақавий даражаларда миграция соҳасида касаба уюшмалари ҳамкорлиги масалалари бўйича тавсиялари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг иштирокчилар ишни уч гуруҳга бўлинган ҳолда меҳнат мигрантлари муаммоларини ҳал этиш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши доирасидаги чегараолди ҳамкорлиги қўшма режасига таклифлар ишлаб чиқиш йўналишида давом эттирдилар.

Минтақавий семинар иштирокчилари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон миллий касаба уюшмалари марказларига, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ва Халқаро меҳнат ташкилотига:

– меҳнат мигрантларини улар меҳнат қилаётган мамлакат касаба уюшмалари аъзолигига қабул қилиш орқали ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш;

– чегараолди ҳудудлари касаба уюшмалари бирлашмалари ўртасида миграция соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича уч томонлама меморандумларни тузиш;

– Бош келишувга, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий келишувларга меҳнат мигрантларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга доир меъёрларни киритиш масаласини кўриб чиқиш;

– ХМТ томонидан ахборот ва техник кўмак кўрсатиш,

– меҳнат мигрантларининг умумий иш стажига уларнинг хорижда меҳнат қилган даврини ҳам киритиш;

– меҳнат мигрантларини улар жойлашган мамлакатда турган жойи ва ишга жойлашганлигини ҳисобга олган ҳолда қайд этувчи интеграциялашган рақамли платформа ташкил этиш каби таклиф ва тавсияларни билдирдилар.  

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати