20.10.2023. Маълумки, 2021 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан юртимиздаги умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловини ўтказилган эди.
Эслатиб ўтиш жоизки, мазкур ижодий ишлар танловидан кўзланган мақсад – мактаб ўқувчиларида сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида баб-баробар амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, уларнинг бу борадаги кўникмаларини ошириш, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, ўғил-қизларда ижодий, танқидий ва ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат эди.
Энг қувонарлиси, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови бугун ўғил-қизларимиз азиз Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзларини дахлдор деб билаётганларини, Ўзбекистон ёшлари ҳар соҳада илғор эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Президенти мана шу ёшларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди. Бу жиҳатлар мактаб ўқувчилари ёзган ижодий ишларда ўз аксини топди.
Танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 45 нафар ўқувчининг барчаси Ноутбук билан, 12 та номинацияда ғолиб бўлганлар замонавий смартфонлар билан тақдирланган эди. 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга эса тегишли даражадаги Дипломлар топширилиши билан бирга, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда танлов Низомига кўра 3-ўрин соҳиби бўлган ўқувчига 2 йиллик шартнома тўловлари, 2-ўринни эгаллаган ўқувчига 3 йиллик шартнома тўловлари, 1-ўринни қўлга киритган ўқувчига 4-йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилиши, агарда 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган танлов ғолиблари давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилиши белгиланган эди.
“Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови Республика босқичининг мутлоқ ғолиби, яъни 1-ўрин соҳиби бўлган Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Раъно Абдуҳамидова ҳамда 2-ўринни қўлга киритган Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Чинигул Исматиллаева жорий йилда 11-синфни тугатиб, олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга кирдилар.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида уларга пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
– Давлат гранти асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ўқишга кирдим, – деди Раъно Абдуҳамидова. – Касаба уюшмалари Федерациясининг мукофоти мени яна янги марралар сари руҳлантирди. Келгусида билимимни янада ошириб, изланишда давом этиб, Она Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишни мақсад қилганман.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари